02/Февраль/2022 Иқтисодий дипломатия
ВАШИНГТОН, 2 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канададаги элчиси Жавлон Ваҳобов, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раисининг ўринбосари Аъзам Қодирхўжаев Ванкуверда ўтказилган «Ўзгарувчан ва мураккаб иқлим шароитида кон-металлургия саноати: минтақавий тенденциялар, инновациялар ва имкониятлар» мавзусидаги XI халқаро виртуал конференцияда иштирок етди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Канада кончилик ассоциацияси вице-президенти Бен Чалмерс, Британия Колумбияси провинцияси Фойдали қазилмаларни қидириш ассоциацияси раҳбари Кендра Жонстон, Канаданинг Россия ва Евроосиёдаги бизнес-ассоциацияси (CERBA) раиси Жиль Бретон, Навоий вилоятидаги конларда қидирув ишларини олиб бораётган «B2Gold» компанияси вице-президенти Нейл Ридер, Қозоғистон, Россия, Мўғулистоннинг кон-металлургия саноати учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, Канаданинг 40 дан ортиқ компанияси вакиллари иштирок этди.
Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раисининг ўринбосари Аъзам Қодирхўжаев Ўзбекистонда кон-металлургия саноатига замонавий технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш объектларини модернизация қилиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ўзбекистонда келгуси 5 йил давомида фойдали қазилмалар захираларини қидириш дастури тасдиқлангани, шунингдек, 2023 йилда “Ёшлик-1” кони негизида йилига 60 миллион тоннага яқин рудани қайта ишлаш қувватига эга янги мисни қайта ишлаш заводи ишга туширилиши режалаштирилгани маълум қилинди.
Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш борасида муайян саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани, хусусан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки, Бостон консалтинг гуруҳи ва бошқа бошқарув-консалтинг компанияларининг халқаро маслаҳатчилари жалб этилаётгани алоҳида қайд этилди.
«B2Gold» вице-президенти Нейл Ридер Ўзбекистон фойдали рудалар қазиб олишнинг таъсирчан тарихига эга бўлган дунёга машҳур кончилик юрисдикцияси эканини таъкидади. «Ўзбекистон кучли ва ўсиб бораётган иқтисодиётга эга. Ҳукумат бозор иқтисодиёти сари одимлар экан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жумладан, кон-металлургия соҳасини янада ривожлантиришга эътибор қаратмоқда», - деди Нейл Ридер.
«B2Gold» вакилининг айтишича, компания геология-қидирув ишлари учун сўнгги уч мавсумида Ўзбекистонга 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритди ва 2022 йилда ушбу мақсадлар учун тасдиқланган бюджет қарийб 6 миллион долларни ташкил этади. Нейл Ридер Ўзбекистон ҳудуди ҳали тўлиқ ўрганилмаганини, бу йўналишда Ўзбекистон-Канада ҳамкорлигини ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлигини билдирди.
Мамлакатимиз дипломатия миссиясига кўра, конференцияда, шунингдек, Канада абадий музлик ассоциацияси, Табиий ресурслар вазирлиги ҳузуридаги Картография ва ерни кузатиш маркази, Кончилик ассоциацияси, Британия Колумбияси Фойдали қазилмаларни қидириш ассоциацияси ва бошқа кон-металлургия саноати ташкилотлари ҳамда компаниялари раҳбарлари тажриба алмашиш билан бир қаторда Канада компанияларига Евроосиё мамлакатлари кон-металлургия соҳасига кўпроқ инвестиция йўналтиришни тавсия қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2011 йилдан буён ўтказиб келинаётган Ванкувер халқаро кон-металлургия саноати конференцияси Канада ва Евроосиё мамлакатлари ўртасида алоқаларни ривожалантириш, янги бизнес ҳамкорларни топиш ва савдо-сотиқни рағбатлантириш учун анъанавий платформа ҳисобланади. Анжуман Канада ташқи ишлар вазирлиги ва CERBA қўллаб-қувватлови остида ўтказилади.