01/Декабрь/2022 Ҳамкорлик
ТОКИО 1 декабрь. /«Дунё» АА/. Токиода Ўзбекистон Стратегик ислоҳотлар агентлиги Бош директори Шуҳрат Вафоев ва Либерал-демократик партияси Вакиллар палатаси аъзоси, Япония-Ўзбекистон парламентлараро дўстлик лигаси ижроия қўмитаси раҳбари Кейсукэ Сузуки учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий ҳамкорлик ҳамда парламентлараро алоқаларни ривожлантиришда ижобий динамика қайд этилди.
Кейсукэ Сузуки бундан кейин ҳам Марказий Осиёда минтақавий интеграцияни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, шунингдек, минтақанинг иқтисодий фаровонлигига кўмаклашишга тайёр эканлигини билдирди.
Япония Либерал-демократик партияси вице-президенти Таро Асонинг 2023 йилда мамлакатимизга бўладиган ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Япония парламентлараро форумининг 4-йиғилиши, шунингдек, икки давлатнинг етакчи ишбилармон доиралари вакилларининг қўшма бизнес анжуманини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.