Uz / Ўз Ru En

Toshkent

04/Апрель/2020   Сиёсат

Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди


ТОШКЕНТ, 4 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида​»ги фармони қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» мухбири.

Ушбу фармонига кўра:

- туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Ушбу имтиёздан соҳада хизмат кўрсатаётган мингдан ортиқ субъектлар фойдаланиш имкониятига эга бўлади;

- карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади;

- тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади. Тадбиркорлар бу имтиёзлардан солиқ идорасини уйдан туриб хабардор қилиши мумкин;

- жорий йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилади;

- Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилади.

Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди. 

Бунинг учун тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилади. Жамғарма бир тадбиркорнинг фақатгина битта лойиҳасига кафиллик бериши бўйича чеклов ҳам энди бекор қилинади.

Интизомли ва ишончли тадбиркорларга кредитнинг 75 фоизига жамғарма кафиллик беради (бугунги кунда 50 фоиз). Кафиллик суммасининг юқори чегараси ҳам 8 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилади.

Шунингдек, қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилади,  аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланмоқда.

Жумладан, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.

Шунингдек, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади.

Бу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оила қамраб олинади.

Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.

Бундан ташқари уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турлари янада қўллаб-қувватланади. Ушбу соҳа учун бу йил яна 50 миллион доллар маблағ йўналтирилмоқда.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари т...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни Тожикистон Республикаси П...

Ўзбекистон раислигида Шанхай Ҳамкорлик ...

Кеча Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Бош прокурорларининг 18-мажлиси Ўзбекисто...

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти...

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига икки кунлик сафарини якунлаб, Тошкентга қайтиб ...

Сўнгги янгиликлар