25/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
ТОКИО, 25 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилиши таклиф этилаётган ўзгаришларнинг мазмуни ва долзарблиги юзасидан Япония Компьютерлаш соҳасида халқаро ҳамкорлик маркази ходими Котаро Окада “Дунё” ахборот агентлигига қуйидаги фикр-мулоҳазаларини баён этди:
- Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ва апрель ойида мамлакатда референдум ўтказилиши режалаштирилганига Японияда катта қизиқиш билан қаралмоқда.
Ўзбекистонда ҳар бир инсонни қадрлашдек яхши анъана мавжуд. Шу жиҳатдан Япония ва Ўзбекистон халқлари қадриятлари бир-бирга ўхшашдир. Ўзбекистонда маҳаллага нисбатан ўзгача бир ёндошув борлиги ва бу йўналишда ҳукумат томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани одамни қувонтиради.
Бундан 40-50 йил муқаддам Японияда ҳам худди шундай жамият “чо-най-кай”лар бўлган ва қўшнилар ўртасида доимо мулоқот амалга оширилган. Бироқ одамлар бир-бири билан смартфон ёки ижтимоий тармоқлар орқали тез-тез мулоқот қиладиган бугунги Японияда ҳақиқий инсоний мулоқотнинг қадри унутилиб бормоқда. Шу боис Конституцияда инсонлар ўртасидаги мулоқотнинг аҳамияти, маҳалланинг ролини янада оширишга қаратилган меъёрлар бўлишини юқори баҳолайман.
Шунингдек, фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда мулкка эгаликни рақамлаштириш катта аҳамият касб этади. Японияда статистика тизими мавжуд бўлиб, уй-жой ҳақидаги маълумот электрон шаклда сақланади. Шу жиҳатдан рақамли жамиятга ўтишда мулкка эгалик қилиш бўйича ҳуқуқ ва қоидаларни такомиллаштириш бугунги замоннинг талабидир.