04/Август/2021 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
РИГА, 4 август. /«Дунё» АА/. Латвия ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонда амалга ошириш учун 3 та грант лойиҳасини тасдиқлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонасидан маълум қилишларича, тараққиётга кўмаклашиш соҳасидаги лойиҳаларни танлаб олиш натижаларига кўра, Латвия ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқининг Шарқий шериклик мамлакатлари ва Марказий Осиё давлатларида амалга ошириш учун жами 1 миллион АҚШ долларига тенг 8 та грант дастурини маъқуллади. Шундан қуйидаги учта грант лойиҳаси Ўзбекистонда амалга оширилади:
1. «SunGIS» технология компаниясининг Ўзбекистон Республикаси турар-жой туманлари бош режаларини эълон қилиш ва жамоатчилик муҳокамасига қўйиш бўйича порталнинг прототипини яратиш лойиҳаси;
2. Латвия стартап-технологиялар трансфери ассоциациясининг Ўзбекистон хотин-қизларининг рақамли технологиялар соҳасидаги кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган «Digital kick» лойиҳаси;
3. «Cleantech Latvia» экологик тоза технологиялар кластерининг Ўзбекистон ҳудудларида сувдан фойдаланиш соҳасида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш салоҳиятини оширишга йўналтирилган лойиҳаси.
2020 йил «SunGIS» компанияси мамлакатимизда «Ўзбекистон Республикаси муҳандислик-техник ўлчов электрон генофонди» гепорталини ривожлантиришда очиқ технологияларни қўллаш» лойиҳасини амалга оширишда иштирок этган. Мазкур лойиҳа топографик ва геоҳудудий маълумотлар порталини яратишни кўзда тутган.
«Cleantech Latvia» эса Ўзбекистонда жамоат инфратузилмаси фаолиятининг самарадорлиги ва иқтисодий барқарорлигини оширишга қаратилган «Муниципал коммунал хизматларни модернизациялаш» лойиҳасини муваффақиятли бажарган. Лойиҳа доирасида 12 нафар етакчи эксперт иштирокида 13 та семинар ташкил этилган, уларда қирққа яқин мутахассис қатнашган ва 3 нафар маҳаллий тренер тайёрланган.