02/Ноябрь/2020 Спорт
РИГА, 2 ноябрь. / «Дунё» АА/. Рига шаҳридаги А.Кронвалд боғида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорлигида ташкил этилган «Samarkand Half Marathon»ни қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия акцияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» ИА мухбири.
Самарқанд яриммарафонининг асосий мақсади кенг жамоатчилик эътиборини аутизм спектри бузилган ва ногиронлиги бўлган болаларнинг ижтимоий муаммосига қаратишдан иборат.
Ригадаги марафонда Ўзбекистон элчихонаси вакиллари, Латвия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ватандош-талабалар иштирок этди.
Мусобақага буюк бобокалонимиз Мирзо Улуғбекнинг А.Кронвалд боғидаги ҳайкали олдидан старт берилди.
«Samarkand Half Marathon»га тайёргарлик жараёни ва тадбир Латвия оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Хусусан, Латвиянинг этакчи «LETA» ахборот агентлиги томонидан ушбу муҳим воқеа тўғрисида инглиз ва рус тилларида материаллар нашр этилди.
Таъкидлаш жоизки, шунга ўхшаш марафон ҳар йили Латвияда ҳам ўтказилади. Бу йил ушбу тадбир Швециянинг энг йирик Rimi чакана савдо тармоғи ташаббуси билан ўтказилди. Жорий йил октябрь ойига режалаштирилган навбатдаги пойгада 15 мингга яқин одам қатнашиши режалаштирилган эди. Бироқ тадбир COVID-19 сабабли ҳукумат қарори билан бекор қилинди.