17/Январь/2023 Ўсиш нуқтаси
ТОШКЕНТ, 17 январь. /«Дунё» АА/. «Ўзчармсаноат» уюшмасида «Trade House Uzbekistan» компанияси раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқотнинг асосий мавзуси Латвияда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган чарм-пойафзал ва мўйна маҳсулотларининг савдосини йўлга қўйиш ҳамда Латвия инвесторларини мамлакатимизга фаол жалб этиш бўлди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг навбатдаги раундида миллий маҳсулотларимизни қисқа фурсатда Латвия орқали ЕИ бозорига олиб кириш масаласининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Бу борада Ўзбекистоннинг «GSP+» преференциялар тизимидан самарали фойдаланиши билан боғлиқ имкониятлари кўриб чиқилди.
«Trade House Uzbekistan» компанияси раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон учун Латвияда йирик шоу-рум ташкил этилганлиги ва шу кунга қадар ҳунармандчилик ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилганлигини қайд этди. У, шунингдек, навбатдаги босқичда Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни жойлаштириш ишлари бошланишини маълум қилди.
Учрашувда томонлар маҳсулотлар намуналарини жойлаштириш, маҳсулот турлари ва етказиб бериш билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Шунингдек, Латвияда улгуржи савдоларни йўлга қўйиш бўйича ташкилий жиҳатларнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди.
Латвия компанияларининг Ўзбекистонга сармоя киритиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Мулоқот сўнгида ЕИ, жумладан, Латвияга маҳсулот етказиб берувчи маҳаллий корхоналар билан музокаралар ўтказиш ва намуналарни Латвиядаги шоу-румга жойлаштириш бўйича келишувга эришилди.