Uz / Ўз Ru En

Toshkent

24/Апрель/2020   Долзарб

Люксембург бизнес газетаси Ўзбекистоннинг COVID-19 га қарши курашишдаги саъй-ҳаракатлари ҳақида ёзади


ЛЮКСЕМБУРГ, 24 апрель. /«Дунё» АА/. Европада ҳозирги пайтда пандемия оқибатларидан кўп зарар кўраётган мамлакатлар бошқа давлатлар, хусусан, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятни кузатмоқда.

Жумладан, 23 апрель куни «Agefi Luxembourg» бизнес газетасида Ўзбекистоннинг COVID-19 га қарши кураш сиёсати ҳақида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашр дунёда инфекция, уни юқтиришлар, касалликка чалиниш билан боғлиқ янги вазият ва ўлим ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни акс эттирувчи «Worldometer» платформаси маълумотига асосланиб ёзишича, ҳозирги пайтда Ўзбекистондаги вазият яхши.

"Касаллик билан боғлиқ 1 минг 716 ҳолат мавжуд, шундан 7 та вазиятда ўлим қайд этилган, 454 киши тузалди”, деб хабар беради газета. Унда касаллик мамлакат аҳолиси сонига нисбатан солиштирилиб, ҳар миллион нафар инсонга ўртача 51 бемор тўғри келиши қайд этилади. Дунёда эса бу рақам ҳар миллион кишига 339 тани ташкил қилади.

Шунингдек, нашрда Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукумати хавфни олдиндан кўра билган ҳолда чоралар кўргани касалликнинг тарқалиш суръати ва кўламини тўхтатибгина қолмай, балки инқирознинг иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича самарали чора-тадбирлар комплексини ҳам қабул қила олди.

Маблағи 1 миллиард долларга тенг бўлган Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг ташкил этилиши солиқ ва қатор бошқа имтиёзлар, муддати кечиктирилган кредит тўловлари, шунингдек, аҳолига, айниқса, заиф қатламга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш имконини бериши қайд этилади.

Мақолада мамлакатда жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиб юриш тўғрисида 23 март куни қабул қилинган қарор, 1 апрель куни эълон қилинган ўзини ўзи яккалаш тартиби COVID-19 касаллиги ва у билан боғлиқ ўлимнинг паст даражада бўлишига ёрдам бергани келтирилади.

«Ҳукумат 33 миллион аҳолини тиббий ниқоб билан таъминлаш мақсадида тўқимачилик саноати имкониятларини самарали ишга солди ва бир кунда  2 миллион донагача ниқоб ишлаб чиқаришни йўлга қўя олди. Кунлик ишлаб чиқариш ҳажмини 5 миллионга етказиш режалаштирилган», деб ёзади нашр.

Хабарда келтирилишича, пандемия эълон қилинган вақтдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Афғонистон давлат раҳбарлари билан телефон орқали суҳбатлашди, икки томонлама, минтақавий ва глобал миқёсда коронавирус тарқалиши таҳдидига қарши жавоб чораларини кўриш масаласини муҳокама қилди.

«Ўзбекистон Хитой, Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Озарбайжон, Венгрия ва Россияга зарурий тиббий ёрдамни юбориб, инсонпарварлик ёрдамини ҳам кўрсатди», дейилади мақолада.

«Agefi Luxembourg» бизнес газетаси, шунингдек, Американинг «The Diplomat» нашрида эълон қилинган «Ўзбекистон COVID-19 шароитида Марказий Осиё дипломатиясини давом эттиради » сарлавҳаси остидаги мақолага, хусусан, Озодлик радиоси шарҳловчиси Брюс Паннинг "Агар Марказий Осиёдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қодир ягона шахс бўлса, бу – Президент Шавкат Мирзиёевдир», деган фикрларига эътибор қаратади.

Мақола якунида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 апрелда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитида илгари сурган ташаббуслари ҳақида ёзади.

Кенгаш доирасида эпидемиологик вазиятни мониторинг қилиш, таҳлил ва прогноз қилишнинг доимий тизимини яратиш, туркийзабон мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш вазирликлари ва етакчи тиббиёт муассасаларининг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйиш, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Котибияти қошида ҳар бир мамлакатда миллий штаб-квартираси бўлган Пандемияга қарши махсус мувофиқлаштирувчи гуруҳни ташкил этиш, тузилма веб-сайтида алоҳида илмий-ахборот ресурсни яратиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш билан боғлиқ ташаббуслар шулар жумласидан.

Мавзуга оид

Ҳиндистон нуқтаи назари: Ўзбекистон ташқ...

Ҳиндистонда инглиз тилида нашр этиладиган “Political Events» журналида «Ўзбекистон Президе...

Ҳиндистондаги ватандош: олган бой билим ...

Ҳиндистондаги ватандош: олган бой билим ва тажрибамизни Ватан равнақи йўлида сафарбар этам...

UNIDO “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақа...

Ўзбекистоннинг Венадаги халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий вакили, элчи Абат Файзуллаев...

Сўнгги янгиликлар