25/Май/2023 Долзарб
КУАЛА-ЛУМПУР, 25 май. /«Дунё» АА/. Малайзиядаги UCSI университетининг Ижтимоий ва гуманитар фанлар факультети декани, доцент Кренди Тан Сингапур Президенти Ҳалима Яқубнинг Ўзбекистонга буюрган давлат ташрифи якунларини шарҳлар экан, қуйидаги фикр ва мулоҳазаларини «Дунё» ахборот агентлигига баён этди:
- Сингапур Президенти Ҳалима Яқубнинг Ўзбекистонга буюрган давлат ташрифи тарихий ва муҳим воқеадир. Чунки бу икки мамлакатлар ўртасида дипломатия муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 25 йил мобайнида биринчи ташриф бўлди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Сингапурга буюрган давлат ташрифи, шубҳасиз, кўпгина соҳалардаги икки томонлама муносабатларни фаоллаштиришга хизмат қилди. Сингапур раҳбарининг жуда қисқа вақтдан сўнг Ўзбекистонга буюрган давлат ташрифи ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Икки мамлакат раҳбарларининг олий даражадаги музокаралари томонларнинг устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлигини яққол намоён этди.
Ўзбекистон ва Сингапур гуманитар лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш нуқтаи назаридан улкан салоҳиятга эга. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси негизида янги ташкил этилган қўшма таълим маркази таркибида Давлат бошқаруви ва менежментни ўқитиш борасида Сингапур тажрибасини жорий этиш жуда муҳим, чунки Сингапур бу борада дунёнинг етакчи давлатларидан бири ҳисобланади.
Томонлар университетлараро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасида мунтазам маданий-маърифий ва сайёҳлик алмашувини фаоллаштиришга интилаётгани қувонарли ҳолдир.
Ишончим комилки, Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар эшикларини очади.