06/Ноябрь/2021 Таълим
КУАЛА-ЛУМПУР, 6 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида «International Cultural Communications Centre Malaysia» (ICCCM) ўқув консалтинг маркази директори Лу Хэй Анн билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
2009 йилда ташкил этилган Малайзия халқаро маданий алоқа маркази Малайзия университетлари билан ҳамкорликда турли соҳалар бўйича мутахассислар тайёрлаш бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқади. Шунингдек, Малайзия университетларида таълим олиш учун маслаҳат хизматлари ва грантлар тақдим этади.
Музокаралар чоғида чет тилларни ўқитиш тизимини такомиллаштириш, икки томонлама диплом бериш тизими бўйича ўқув дастурларини жорий этиш, прфессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, халқаро конференция ва форумларда биргаликда иштирок этиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
ICCCM директори инглиз тили маркази ва касб таълими марказини очиш имкониятларини ўрганиш учун Ўзбекистон билан музокараларни давом эттиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги чет тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ва бошқа истиқболли ҳамкорлар билан видеоконференция форматида музокараларни давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.