18/Декабрь/2020 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
КУАЛА-ЛУМПУР, 18 декабрь. /«Дунё» АА /. Мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида 16-17 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Малайзия статистика департаменти вакиллари иштирокида веб-семинар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Малайзия статистика департаменти расмий статистик маълумотларни йиғиш, мониторинг қилиш ва тарқатиш учун масъул бўлган ягона давлат идорасидир. Департаментнинг штаб-квартираси федерал ҳукуматнинг маъмурий маркази Путражаяда жойлашган.
Веб-семинар давомида статистик фаолиятни самарали ташкил этишнинг долзарб масалалари ва халқаро миқёсда тан олинган замонавий моделларни амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, Малайзия статистика департаменти фаолияти тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, «GSBPM» статистик бизнес-жараёнининг стандарт моделини ва «GSIM» ахборот моделини татбиқ этиш тажрибаси ҳамда «NQAF» сифатни таъминлашнинг миллий асосий тамойилларини, иқтисодиёт тармоқларини, уй хўжаликларини ва меҳнат бозорини ўрганиш амалиётини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, Малайзия методологиясини статистик амалиётга жорий этиш масаласи бўйича фикр алмашди. Бу мамлакатда яширин иқтисодиёт кўламини аниқлашга хизмат қилади, давлат органларига самарали қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Тадбир натижасида долзарб масалалар бўйича, хусусан, статистика органларида АКТнинг илғор имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича ҳамкорликдаги семинарларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.