31/Май/2023 Иқтисодий дипломатия
КУАЛА-ЛУМПУР, 31 май. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси ходимларининг Малайзиянинг йирик озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилувчи компаниялар вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Малайзиянинг «Dsak Group of Companies» компанияси ва ушбу компания ҳузуридаги «Dsak Niaga Sdn Bhd», «Dsak Logistics Sdn Bhd», «Dsak Trading Sdn Bhd» корхоналари, шунингдек, «Al Hijran Global Sdn Bhd», «Mercu Cita Мanufacturing Sdn Bhd», «Litco Container Line» каби 10га яқин етакчи компаниялар вакиллари иштирок этишди.
Учрашувда хориж томонига Ўзбекистонда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, уларнинг экспорт географияси, хусусан охирги йилларда Малайзияга экспорт қилинаётган маҳсулотлар ва Малайзия ўсимликлар карантини билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Тадбир давомида Малайзия компаниялари вакиллари ўз фаолиятлари тўғрисида тақдимот ўтказишди. Улар мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчилари билан ҳамкорликдан манфаатдор эканлигини билдиришди.
«Dsak Group of Companies» компанияси вакили Малайзияга озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан яқиндан танишиш мақсадга мувофиқлигини, бу келгусида узоқ муддатли ҳамкорлик учун муҳимлигини маълум қилди. Компания 2001 йилда ташкил этилган ва озиқ-овқат маҳсулотлари импортёри бўлиб, товар улгуржи савдоси билан шуғулланади ва Малайзия бўйлаб турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари мақбул нархларда етказиб беради.
Тадбирда иштирок этган «Litco Container Line» компанияси вакиллари икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлашни ривожлантириш мақсадида денгиз транспорти орқали юкларни ташиш ва етказиш бўйича логистика хизматларини таклиф қилди.
«Litco Container Line» компанияси 2018 йилда ташкил этилган. Компаниянинг Ҳиндистон, Сингапур, БАА ва Вьетнам каби давлатларда ўз филиаллари мавжуд.
Учрашув якунида Малайзиянинг «Dsak Group of Companies» компанияси вакиллари билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида онлайн учрашув ташкил этиш юзасидан келишиб олинди