26/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
КУАЛА-ЛУМПУР, 26 март. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Малайзиянинг “Hextar Global Group” компаниялар гуруҳи раиси Эрван бин Моҳд Тоҳир билан музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув чоғида Малайзия томонига Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, замонавий иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ва уларнинг ҳуқуқий асослари тўғрисидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, Ўзбекистонда олиб борилаётган конституцион ислоҳотлар жараёни ҳақида ҳам сўз борди.
Тадбир давомида Эрван Тоҳир Ўзбекистонда рўй бераётган иқтисодий ўзгаришларга юқори баҳо берар экан, ўз компанияси мамлакатимизнинг ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди. У Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви қўшни мамлакатларга маҳсулот экспорт қилишда ўзига хос хаб вазифасини бажаришини таъкидлади.
Малайзия томони ўзаро ҳамкорлик доирасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ҳам қизиқиш билдирди.
Учрашув натижасида Малайзия компанияси билан ўзаро ҳамкорликда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергетика, махсус кимё воситаларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистондан Малайзияга кимёвий ўғитларни экспорт қилиш бўйича келишувларга эришилди.
“Hextar Global Group” компаниялар гуруҳи 1985 йилда Малайзия қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. У агрокимё маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи Малайзиянинг энг йирик компанияси ҳисобланади. “Hextar Global Group” халқаро миқёсдаги конгломерат бўлиб, таркибида 25та компания фаолият юритади.