Uz / Ўз Ru En

Toshkent

04/Декабрь/2020   Ўсиш нуқтаси

Мамлакатимизда яратилган қулай инвестицион муҳит хорижий инвесторларнинг юқори қизиқишига сабаб бўлмоқда - “Ангрен” ЭИЗ раҳбари


АНГРЕН, 4 декабрь. /«Дунё» АА/.  Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан «Ангрен» эркин иқтисодий зонасига ташкил этилган пресс-тур давомида “Дунё” АА мухбири  иқтисодий зона дирекцияси директори Муталибжон Ҳожимуродов билан суҳбатлашди.

— Суҳбатимиз аввалида «Ангрен» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси фаолияти ҳақида тўхталсангиз?

— «Ангрен» эркин иқтисодий зонаси Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан 2012 йил ташкил этилган. Дирекция «Ангрен» ЭИЗ фаолиятини тезкор бошқарувчи давлат унитар корхонаси ҳисобланади. Унинг асосий функциялари қаторига  эркин иқтисодий зона қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш, реестрини юритиш ва уларга гувоҳнома бериш вазифалари киради. Шунингдек, инвестиция киритиш тўғрисидаги битимларни тайёрлаш ва тузиш, ишламаётган корхоналарни ҳамда давлат мулки бўлган мол-мулкни ноль қиймати бўйича сотиш тўғрисида шартномалар тайёрлашда иштирок этади. Дирекция, шунингдек, давлат органларида иштирокчиланинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича  хизматлар кўрсатади.

Бугунги кунда махсус индустриал зонага кирувчи минтақанинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, минерал-хом ашё ресурсларини янада чуқур қайта ишлаш бўйича янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ишлари жадал давом этмоқда.

«Ангрен» ЭИЗга инвестиция киритиш учун қандай имтиёз ва преференциялар жорий қилинган?

—Ўтган йиллар давомида бизнинг иқтисодий зонамизга берилган имкониятлар ва мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити сармоядорларни фаол жалб этишга хизмат қилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ЭИЗ ҳудудида алоҳида солиқ режими амал қилади. Жумладан,  қатнашчилар даромад солиғи, юридик шахслар мол-мулкидан олинадиган солиқ, ижтимоий инфратузилмани ободонлаштириш ва ривожлантириш учун солиқ, кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, республика йўл жамғармасига тўловларидан озод этилган.

«Ангрен» эркин иқтисодий зонасининг қатнашчилари республикада ишлаб чиқарилмайдиган, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида «Ангрен» ЭИЗ ҳудудига олиб кириладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллардан олинадиган божхона тўловларини тўлашдан озод этилади. Божхона йиғимлари бундан мустасно.

Киритилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб, тенг миқдорда 3 йилдан 10 йилгача муддатда имтиёзлар берилади. Масалан, 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача сармоя киритганларга 3 йилгача, 3 миллион АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача 5 йилгача, 10 миллиондан  долларидан ортиқ  инвестиция киритган иштирокчиларга эса 10 йилгача  имтиёзлар тақдим этилади.

Бизнинг иқтисодий зонамизнинг қулай географик жойлашуви ҳам инвесторларга маъқул келмоқда.  Яъни ишлаб чиқарилган маҳсулотга бозор топишда муаммо бўлмайди. Ички, Марказий Осиё ва МДҲ бозори катта салоҳиятга эга. Бу жараёнлар хорижий инвесторларни тўла қаноатлантирмоқда.

— Бугунги кунда ЭИЗ ҳудудида қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?

—«Ангрен» ЭИЗ хўжалик юритувчи субъектлари фаолиятининг асосий йўналиши этиб жаҳон бозорларида рақобатбардош юқори қўшилган қийматга эга кенг кўламли юқори технологик маҳсулот ишлаб чиқариш белгилаб қўйилган.

Ҳудудни ташкил этиш концепциясида ҳам танланган мезонлардан келиб чиққан ҳолда электротехника, машинасозлик, кимё ва нефть-кимё, фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, кончилик саноати ва бошқалар йўналишлардаги корхоналар жойлаштирилиши белгиланган.

2020 йил  1 ноябрь ҳолатида, умумий қиймати 1 миллиард 452,35 миллион доллар бўлган 117 та лойиҳани 109 та корхона негизида жойлаштириш маъқулланган. Айни пайтда бўш майдонларда 73 та,  фойдаланилмаётган ва бўш турган бино-иншоотлар ўрнига 44 лойиҳа жойлаштирилди. Шундан  Ангрен шаҳар ҳудудида  умумий қиймати 593,4 миллион долларлик  57 та корхона, Оҳангарон шаҳрида 370 миллион миллион доллар миқдаридаги 41 та ташкилот, Оҳангарон тумани ҳудудида  474,6 миллион доллар қийматда, Бекобод шаҳрида эса 11,36 миллион долларлик  3 та лойиҳа жойлаштирилди.

Натижада 783,9 миллион долларлик инвестициялар, шу жумладан 294,4 миллион доллар миқдоридаги тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Унинг ҳисобига 70 та корхона ишга туширилди ва 8 мингдан зиёд иш ўрни яратилди.

Жорий йил январь-октябрь ҳолатида эса 42,7 миллион долларлик 10 та лойиҳа ишга туширилди. Режага мувофиқ йил якунига қадар яна тўртта инвестицион дастур амалга оширилиши керак.

Жаҳонда кузатилаётган пандемия билан боғлиқ вазият ҳамкорларимизнинг режаларига ҳам таъсир қилди. Инвесторлар юзага келган молиявий қийинчиликлар туфайли умумий қиймати 309 миллион долларлик 8 та лойиҳани амалга оширишни маълум муддатга тўхтатиб қўйди.

—Иқтисодий зонага энг кўп тўғридан-тўғри сармоя киритаётган тадбиркорлар қайси давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда?

Айтиб ўтганимдек, «Ангрен» ЭИСнинг қулай  жуғрофий жойлашуви ва тақдим этилган имтиёзлар ҳамкорларимизга жуда маъқул.  Инвесторлардан бўлаётган таклифлар ўтган йиллар давомида асло камайгани йўқ. Иқтисодий зона ташкил этилгандан буён энг кўп инвестиявий лойиҳалар 2016-2018 йиллар мобайнида амалга оширилди. Ушбу муддатда биз белгиланган вазифаларимизнинг катта қисмини рўёбга чиқаришга эришдик. Яъни ушбу муддат бизда кульминацион нуқта бўлди, десам ҳам бўлади.

Бевосита саволга тўхталадиган бўлсам,  иқтисодий зонада энг кўп тўғридан-тўғри  сармоя киритган тадбиркорлар Хитой вакиллари ҳисобланади. Чин юрти тадбиркорлари томонидан 28 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар томонидан ташкил этилган корхоналар томонидан 342 миллион доллардан ортиқ маблағлар ўзлаштирилди.

Сингапур давлатидан жалб қилинган инвестициялар миқдори иккинчи бўлиб турибди. Сингапурлик инвесторлар 2 та йирик лойиҳа учун 111,3 миллион доллар маблағ киритди. Туркиялик тадбиркорлар металургия, маиший техника ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда жами 11 та корхона ташкил этди. Айни пайтга келиб туркиялик ишбилармонлар томонидан киритилган инвестиция ҳажми 62 миллион долларга тенг.

Бундан ташқари Россиядан тўғри-тўғри жалб этилган инвестициялар натижасида 8 корхона, Бирлашган Араб Амирликлари инвесторлари 4 та корхона барпо этиш учун 23,7 миллион доллар миқдорида маблағ сарфлади.  Яна қатор давлатларни санаб ўтиш мумкин.

   2021 йил ҳам ўз олдимизга истиқболли лойиҳаларни бажаришни вазифа қилиб қўйганмиз. Жумладан, нотўқима материаллар ишлаб чиқариш, темир, скоч, ойна ишлаб чиқариш мажмуаларини барпо этиш бўйича келишувлар тасдиқланган. 

—Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Жобир Хўжақулов,

Зафар Юлдошқулов (фото),

«Дунё» АА

Мавзуга оид

«Дунё» АА мухбирлари «Ургут» ЭИЗда замон...

Кеча мамлакатимизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари Самарқанд вилоятининг Ур...

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларин...

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, 2000 йилдан буён мамлакатимизнинг а...

Саид ал-Мағрибий: “Пандемия шароитида ҳа...

Саид ал-Мағрибий: “Пандемия шароитида ҳам икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик алоқалари изчил...

Сўнгги янгиликлар