Uz / Ўз Ru En

Toshkent

29/Сентябрь/2020   Иқтисодиёт

Марказий банк Ўзбекистонда халқаро захиралар таркиби ҳақидаги навбатдаги ҳисоботини эълон қилди


ТОШКЕНТ, 29 сентабрь. / “Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мамлакатимиздаги халқаро захиралар бўйича навбатдаги ҳисоботни эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур захиралар тўғрисидаги маълумотлар Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) томонидан тасдиқланган методология (Тўлов баланси ва халқаро инвестицион позиция бўйича қўлланма)га мувофиқ ҳисоблаб чиқилган.

Захиралар таркибига монетар олтин, чет эл валютаси, чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар, ХВЖнинг маблағ жалб қилишга доир махсус ҳуқуқлари ва захира позицияси ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ халқаро захиралар таркибига киритиладиган бошқа активлар киритилган.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Республикаси халқаро захиралари миқдори 2020 йил бошига нисбатан 5,4 миллиард АҚШ долларига (19 фоизга) ошган ҳамда жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра 34,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб COVID-19 падемияси оқибатида жаҳон иқтисодиётида инқирозли ҳолатлар кузатилди. Бунинг натижасида жаҳон бозорида олтин нархи 30% гача кўтарилган. Бундай ҳолат 2008 йил жаҳон молиявий инқирози давридан бери илк марта кузатилган.        

Табиийки, мазкур қулай шароитдан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан август ойининг ўзида 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида олтин экспорти амалга оширилган. Таъкидлаш жоизки, бунда халқаро захиралар таркибидаги олтин миқдорининг камайиши билан бир вақтнинг ўзида валюта активларининг мос равишда ошиши кузатилади. Бу каби амалиёт захираларнинг умумий ҳажми ўзгаришига таъсир қилмайди.

2020 йилнинг ўтган 8 ойи таҳлил қилинадиган бўлса, Марказий банк томонидан 5,8 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги олтин экспорти амалга оширилган. Мазкур валюта тушумининг асосий қисми мамлакатимизда фаолият юритувчи корхона ва ташкилотларга тижорат банклари орқали валюта биржаси савдоларида сотилади.

Қонунчиликка мувофиқ, Марказий банк Ўзбекистон Республикаси халқаро захираларини тўлдириш учун давлатнинг олтин сотиб олишга бўлган устувор ҳуқуқини амалга оширадиган давлат идораси бўлиб, мамлакатда ишлаб чиқариладиган олтиннинг асосий харидори ҳисобланади.

Марказий банк томонидан ишлаб чиқарувчи корхоналардан олтинни харид қилишда тўловлар олтиннинг жаҳон бозорларидаги ўртача нархидан келиб чиққан ҳолда ҳар ойда миллий валютада тўлаб берилади. Ўз навбатида, мазкур маблағлар корхоналар томонидан бюджет олдидаги мажбуриятларни бажаришга ҳамда ишлаб чиқариш ва инвестицион фаолиятини амалга оширишга йўналтирилади.  

Бунда Марказий банк томонидан олтиннинг миллий валютада сотиб олиниши иқтисодиётда пул массасининг ошишига ҳамда инфляция даражаси ўсиши хавфининг кучайишига таъсир этиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, 2017 йил сентябрь ойидан бошлаб пул-кредит сиёсатининг макроиқтисодий барқарорликни таъминлашдаги ролини ошириш мақсадида Марказий банк валюта бозорида “нейтраллик” тамойиллари асосида иштирок этади.

“Нейтраллик” тамойилига кўра, ишлаб чиқарувчи корхоналардан сотиб олинган олтин эквивалентидаги валюта маблағлари Марказий банк томонидан ички валюта бозорига йўналтирилади. Бунда қимматбаҳо металларни сотиб олиш натижасида муомалага чиқарилган пул маблағларининг иқтисодиётдаги пул-кредит шароитига таъсирини стерилизация қилиш мақсадида валюта сотиш ҳисобига муомаладан қайтариб олинади. Олтин ишлаб чиқарувчи давлатларда мазкур тамойилга амал қилиниши пул-кредит сиёсатининг таъсирчанлигини ошириш ва инфляциянинг жиловланишида муҳим аҳамият касб этади.

“Нейтраллик” тамойилининг қўлланилиши натижасида халқаро захиралардаги монетар олтиннинг улуши деярли ўзгаришсиз қолмоқда. Жумладан, олтиннинг улуши 2018 йил 1 январь ҳолатига 50 фоизни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йил 1 сентябрь ҳолатига 54 фоизга етган.

Мавзуга оид

Саудия Арабистони ширкати Ўзбекистонда и...

Ўзбекистон экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда ўзбек компаниялари томонидан ишлаб чиқарилаётг...

«Demo Day» якунида энг яхши 5 та лойиҳа ...

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан “Россия Федера...

Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича идо...

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича ишчи гуруҳининг бўлажак 4-йиғилиши бил...

Сўнгги янгиликлар