15/Июнь/2022 Ҳамкорлик
ТОШКЕНТ, 15 июнь. /«Дунё» АА/. Тошкентда Европа Иттифоқининг (ЕИ) Марказий Осиёдаги чегараларни бошқариш дастурининг 10-босқичи (БОМCА-10) доирасида Ўзбекистон вакиллари учун чегараларни бошқаришнинг интеграл стратегиясини ишлаб чиқишга бағишланган семинарнинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда БОМКА-10 дастури раҳбарияти, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги, ЕИнинг Тошкентдаги делегацияси, шунингдек, мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.
Қатнашчилар Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идораларига амалий ёрдам кўрсатиш, жумладан, чегараларни бошқаришда Европа тажрибасини ўрганишга қаратилган мазкур дастурнинг жорий босқичи натижаларини ижобий баҳолашди.
БОМCА-10 фаолияти чегараларни комплекс бошқариш, шу жумладан, трансчегара савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш орқали барқарор иқтисодий ривожланишни рағбатлантиришга қаратилганлиги қайд этилди.
Семинар давомида Венгрия ва Латвия мутахассислари иштирокчиларни чегараларни комплекс бошқариш, стратегиянинг тузилиши ва асосий элементлари, шунингдек, янги хавф ва таҳдидларни аниқлаш билан таништирдилар.
Қайд этиш керакки, БОМCА 2003 йилдан 2020 йилгача Марказий Осиё давлатларига 40 миллион евродан зиёд миқдорда маблағ ажратди, шундан 6,6 миллион евроси дастурнинг 9-босқичини (2015-2020 йиллар) молиялаштириш учун йўналтирилган.
БОМCАнинг 10-босқичи ҳаётга тадбиқ этилиши 2021 йилда бошланган. 2025 йилгача амалга ошириладиган мазкур босқич дастурининг умумий бюджети 21,75 миллион еврога тенг.