17/Ноябрь/2022 Экспорт
МАСҚАТ, 17 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонасида республикамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини ошириш ҳамда маҳаллий корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўмон Султонлигининг «Azhar» компанияси раҳбари Солиҳ ал-Зажжалий билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, «Azhar» белгиси остида Ўмонда бир қатор хусусий клиникалар, соғлом турмуш тарзи ва органик маҳсулотлар истеъмолини тарғиб этувчи соғломлаштириш масканлари мавжуд.
Суҳбат давомида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ва хорижга экспорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, қуритилган меваларнинг сифати ва бу йўналишда фаолият олиб бораётган корхоналар ҳақида маълумот берилди.
Солиҳ ал-Зажжалийнинг айтишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда мева-сабзавотларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича катта тажриба тўпланган ва бу маҳсулотларни экспорт қилиш учун етарлича салоҳият мавжуд. Улар ўзининг сифати ва таъми жиҳатидан араб бозорлари эътиборини тортмоқда.
Шу сабабли, Солиҳ ал-Зажжалий «Azhar» компаниясининг «соғлом овқатланиш» дастури доирасида келгусида Ўмон ва Яқин Шарқ минтақаси давлатларига ўрик, узум, шафтоли, олхўри, анжир ва бошқа қуритилган меваларни экспорт қилиш истагини билдирар экан, бу маҳсулотларнинг тайёрланиш жараёнларини кўздан кечириш ва экспортчи компаниялар таклифларини ўрганиш мақсадида жорий йил ноябрь ойи охирида Ўзбекистонга боришни режалаштираёганини маълум қилди.