Uz / Ўз Ru En

Toshkent

17/Сентябрь/2020   Сиёсат

МДҲ Иқтисодий кенгашининг 87-йиғилиши бўлиб ўтди


ТОШКЕНТ, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. МДҲ Иқтисодий кенгашининг 87-йиғилиши видеоконферентцалоқа шаклида ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров раислигида бўлиб ўтди. Кун тартибига кўра, МДҲга аъзо давлатларнинг савдо-иқтисодий, агросаноат, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда иқтисодий ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Озарбайжон ва Тожикистон Бош вазирларининг биринчи ўринбосарлари, Арманистон, Беларусь Бош вазирлари ўринбосарлари, Молдова иқтисодиёт ва инфратузилма вазири, Россия иқтисодий тараққиёт вазирининг биринчи ўринбосари, Туркманистон молия ва иқтисодиёт вазири ўринбосари, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг МДҲ Иқтисодий масалалар бўйича комиссиясидаги ваколатли вакиллари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этди.

Ҳамдўстлик мамлакатлари делегациялари раҳбарлари МДҲга аъзо давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати тўғрисида фикр алмашди. Улар ўз тақдимотларида Ҳамдўстлик давлатларининг пандемияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратди.

Учрашув якунлари бўйича иқтисодиёт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, МДҲ органлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш ва бошқа қатор тадбирлар бўйича 18 та ҳужжат имзоланди. Хусусан, «2030 йилгача бўлган даврда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг иқтисодий ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси лойиҳасининг Биринчи босқичи (2021-2025 йй) тўғрисида” ҳамда “2030 йилгача бўлган даврда МДҲга аъзо давлатларнинг инновацион ҳамкорлик давлатлараро дастури лойиҳаси тўғрисида”ги қарорлар қабул қилинди.

Йиғилишда ташкилий масалалар ҳам муҳокама қилинди, хусусан, МДҲ Иқтисодий кенгашининг навбатдаги 88-йиғилишини 2020 йил декабрь ойида Москва шаҳрида ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.

Учрашув якунида МДҲ Иқтисодий кенгаши доирасида иқтисодий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Қатнашчилар Ўзбекистон томонига МДҲ Иқтисодий кенгашининг 87-йиғилишини юқори даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди.

Мавзуга оид

БМТ Тараққиёт дастурининг минтақавий та...

«Янги имкониятлар: инсон камолоти ва антропоцен» мавзусида БМТ Тараққиёт дастурининг 2020 ...

Немис экспертлари: Ўзбекистондаги ислоҳо...

Президен Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаси герман...

Бугун Тожикистонда Президент сайлови бўл...

Якшанба куни Тожикистонда Президент сайлови бўлиб ўтмоқда, давлат раҳбари лавозимига 5 наф...

Сўнгги янгиликлар