Uz / Ўз Ru En

Toshkent

17/Ноябрь/2020   Ватандошларимиз

Менинг байроғим - менинг шарафим ва ғурурим! Таниқли ўзбек бастакори Азиза Содиқова билан суҳбат


БEРЛИН, 17 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи қабул қилинган кун арафасида «Дунё» ААнинг Берлиндаги мухбири мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси «Олтин дафтари»га киритилган таниқли ўзбек бастакори Азиза Содиқова билан суҳбатлашди. У ижодий режалари ва мамлакатимиз маданий ҳаётига ўз ҳиссасини қўшиш истаги ҳақида сўзлаб берди.

Азиза Содиқова «Young Euro Classic» халқаро танлови лауреати, Германия маданият вазирлигининг «Kunst-Förderpreis» ва Берлин Сенатининг «Europäischer Komponistenpreis» мукофотлари совриндори ҳисобланади.

 

— Сизнинг мусиқа басталаш соҳасига бўлган қизиқишингизга нима сабаб бўлган, рағбатлантирувчи куч берган?

— Мен таниқли бастакор, ўзбек операси ва Ўзбекистон бастакорлар уюшмасининг асосчиларидан бири, «Лайли ва Мажнун» операси муаллифи Толибжон Содиқов оиласида туғилганман. Болалигимдан мусиқий муҳитда ўсганман. Уйимизда мусиқий оқшомлар тез-тез бўлиб турар эди. Уларда халқ ва мумтоз мусиқа ижрочилари, шунингдек, чет эллик меҳмонлар қатнашар эди.

Табиийки, бундай муҳит келажакдаги касбимни ҳам олдиндан белгилаб қўйган. Беш ёшимда мен Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг ўқувчиси бўлдим. Кейин Буюк Британияда ўқишни давом эттирдим. У ерда Бирмингем Қироллик консерваториясининг бастакорлик ва орган факультетларида бир вақтнинг ўзида таҳсил олган ягона талаба бўлдим.

 

— Чет элда ўқиган даврингиздан нималар, айниқса, кўпроқ эсда қолган?

— Мусиқий гуруҳимиз билан ўқиш жараёнида бутун Европа бўйлаб  концертлар қўйганмиз. Париждаги чиқишларимиз, айниқса, хотирамда яхши сақланиб қолган. Нотр-Дам собори, Сент-Эсташ, Сен-Сюльпис, Сент-Клотильдда мусиқа ижро этишдек унутилмас имкониятга эга бўлганмиз.

 

— Нима учун ижодий йўлингизни давом эттириш учун Германияни танладингиз?

— Немислар Европа халқлари орасида мусиқага бўлган алоҳида меҳр-муҳаббати билан ажралиб туради. Улар мумтоз оҳангларни ҳам, авангард йўналишини ҳам, хорижий мусиқачилар ва ижодкорларни ҳам қадрлашади. Шунинг учун бўлса керак, бутун дунёдаги рассомлар ва мусиқачилар Берлинга интилади.

Шу сабабли ўқишни тамомлаганимдан сўнг Германияга таклиф қилишганида тезда рози бўлдим. Бу ерда бастакор сифатида ижодий фаолиятимни бошладим. Бугун жаҳонга машҳур ансамбллар ва дирижёрлар билан ҳамкорлик қилаяпман, мусиқа басталаяпман.

Берлинда 2 мингдан ортиқ бастакор ижод қилади, дунёнинг энг таниқли дирижёрлари, рассомлари ва опера хонандалари истиқомат қилади. Бир сўз билан айтганда, мазкур шаҳар мусиқа ва санъат марказига айланган.

 

— Мусиқий режаларингиз ҳақида гапирсангиз. Айни пайтда қандай асарлар устида ишлаяпсиз?

— Мен «янги мусиқа»нинг ноанъанавий чолғу техникаси, мураккаб тузилиш ва ритмик таркибий қисмларга эга мусиқий театр элементларида тажриба ўтказишдан тортиб романтик мусиқа усталарининг ўта таъсирчан драматургиясигача бўлган турли жиҳатларини ўрганаяпман.

Бугун менинг мусиқий асарларим Лондондаги «Queen Elisabeth Hall» концерт зали, Берлин филармонияси ва Концертхауси, Гамбургдаги «Elbphilharmonie», Штутгартдаги «Beethovenhalle» саҳналарида, «BBC Proms» эфири ҳамда Россия, Литва, Австрия, Америка ва Хитойнинг нуфузли мусиқа майдонларида муваффақиятли ижро этилмоқда.

Берлин мусиқий гуруҳлари учун оркестр лойиҳалари тайёрлаш бўйича ишлар ҳам катта ҳажмни ташкил қилади. Европада ҳар доим вақт етмайди ва шу боис партитура тайёрлаш жадвалини аниқ режалаштириш керак.

Бироқ, менинг энг эзгу орзуим — Ўзбекистон мусиқа санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиш.

Мамлакатимизда юз бераётган янгиланишлар жараёнини катта қизиқиш билан кузатаман, амалга оширилаётган ислоҳотлар суръатини ҳис этаман. Уйдан узоқда бўлсамда, она юртимиздаги, айниқса, маданият соҳасидаги янгиликлардан хабардор бўлишга ҳаракат қиламан. Деярли ҳар куни турли концертлар, кўргазмалар ва бошқа маданий тадбирлар ҳақида хабар берилади. Яқинда давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Нукусда опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилиши ҳақида эълон қилингани мени жуда қувонтирди.

Чет элда бўлиб турган кўплаб ўзбекистонлик дўстларим Ватанимизга қайтди. Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортидан мен ҳам она юртга қайтиб, халқимиз манфаатлари йўлида хизмат қилиш ниятидаман. Агар бошқа санъат арбоблари билан ҳамкорликда мамлакатимиз маданий ҳаёти ривожига ўз ҳиссамни қўша олсам, жуда ҳам бахтиёр бўламан.

Айни пайтда мен Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи асосида биринчи хорижий аудиокитоб учун саундтрек устида ишлаяпман. Ушбу лойиҳада Аббос Қосимов, хонандалар Манзура ва Равшан Намозов каби ўзбек мусиқа санъатининг юлдузлари иштирок этмоқда. Шунингдек, мумтоз ижрочиларимизнинг архивда сақланаётган радиоёзувлари ҳам  янграйди.

 

— 18 ноябрь — Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун! Сиз учун байроғимиз нимани англатади?

— Албатта, ҳар бир мамлакат байроғи кўплаб ўзига хос ва бетакрор маъноларни жамлаган энг муҳим давлат рамзларидан биридир. Қадим замонлардан буён барча халқлар ва давлатлар Ватан байроғини қадрлаган, уни боши узра мағрур кўтарган. Байроқда халқларни тарбиялаган она заминнинг илдизлари, одамларнинг турмуш тарзи ва менталитетига хос ноёб қадриятлар мужассам бўлган.

Агар Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига назар ташласангиз, унда, биринчи навбатда, она заминимиз ва халқимизнинг энг муҳим хусусиятлари ва урф-одатлари - дўстлик, очиқлик, тинчликпарварлик ва меҳмондўстлик  каби қадриятлар акс этганига гувоҳ бўламиз. Бу тушунчалар турли даврларда, ҳатто синовли ва қийин кунларда ҳам намоён бўлган ва ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Мен байроқдаги учта ранг унинг ўзига хос «майдони»ни белгилайди, деб ҳисоблайман. Биринчи галда эътиборни тортадиган оқ ранг ёруғлик, тинчлик ва баркамоллик рамзидир. Яшил ранг табиатнинг баҳорги қайта туғилиши, янгиланиши ва янги ҳаётни англатади. Қадимдан ушбу ранг эзгу умидларнинг рамзи сифатида қабул қилинган. Кўплаб мамлакатлар ва халқлар байроқларида у келажакдаги ютуқларга ёрқин умидни акс эттирган. Ва ниҳоят, мусаффо осмоннинг зангори ранглари ҳам мамлакатимиз байроғида акс этган. Бу булутсиз уйғунлик ва қалбнинг юксакликка интилиш рамзидир.

Шунингдек, чексиз тунги осмонда порлайдиган юлдузлар акс эттирилган. Ва яна иккита қадрли қизил чизиқлар. Уларда икки азим дарё - Амударё ва Сирдарёнинг рамзларини кўриш мумкин. Улар обиҳаёт билан она заминимизга ҳаёт бағишлайди. Ушбу қизил чизиқлар заминимиз ва ҳаётимизни ёруғлик ҳамда туганмас куч-ғайрат билан озиқлантирадиган манбага ўхшайди. Ёш ярим ой ҳам янгилик ва тиниқликнинг рамзидир. Бошқа томондан, у қадим замонлардан буён серҳосил заминимизда яшаб келган халқимизнинг тарихий келиб чиқиши, маънавиятимиз асослари ва қоидалари билан чамбарчас боғлиқ.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи буюк ўтмишимиз, шонли бугунимиз ва ёрқин келажагимизнинг миллий рамзидир. Мен учун мамлакатим байроғи -  шарафим ва ғуруримдир!

Мавзуга оид

Туркиядаги ватандошлар ўзаро ёрдамга бел...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 август куни хорижда меҳна...

Жанубий Кореяда меҳнат қилаётган ва таҳс...

Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Квангжу шаҳридаги ...

Мамлакатимиз Бош консулхонаси ходимлари ...

Мамлакатимиз Бош консулхонаси ходимлари Камчатка ўлкасида бўлди. Ўлка мутасаддилари ва ват...

Сўнгги янгиликлар