29/Январь/2020 Вазирлик янгиликлари
ТОШКEНТ, 29-январ. /"Дунё" АА/. Минск шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Ўзбекистоннинг МДҲдаги раислиги доирасида Ҳамдўстлик иштирокчи мамлакатларининг Доимий мухтор вакиллари кенгашининг жорий йилдаги илк йиғилишида иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири вазирлик матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда.
Кенгаш йиғилишида МДҲ иштирокчи мамлакатларининг доимий мухтор вакиллари, МДҲ Ижроия қўмитаси раҳбарияти ва масъул ходимлари, МДҲ Иқтисодий кенгаши ҳузуридаги Иқтисодий масалалар бўйича комиссия ва Ҳамдўстлик Ижроқўмининг Москва бўлинмаси вакиллари иштирок этди.
Доимий мухтор вакиллар 2020-йил 3-апрел куни Олмаота шаҳрида бўлиб ўтадиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартиби лойиҳасини шакллантирдилар.
Кун тартиби лойиҳасига Ҳамдўстлик доирасида кўп даражали вазирликлараро маслаҳатлашувлар жадвали режасини амалга ошириш, халқаро ёшлар ҳамкорлигини ривожлантириш, МДҲ Тармоқли университети фаолиятини йўлга қўйиш, туризм, жисмоний тарбия ва спорт, маданият, хавфсизлик, ташқи чегараларни қўриқлаш, коррупцияга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалалари киритилди.
Йиғилишда МДҲ устав ва бошқа органлари ҳузуридаги Ҳамдўстлик иштирокчи мамлакатларининг Доимий мухтор вакиллари кенгашининг 2020-йилдаги фаолияти режаси кўриб чиқилди ва тасдиқланди.
Ҳамдўстлик юқори органлари йиғилишлари кун тартибини шакллантириш ва улар қабул қилган қарорларни амалга ошириш, 1941 — 1945-йилларда Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги доирасидаги тадбирларни ташкиллаштириш масалаларига алоҳида урғу берилди. Турли йўналишлар бўйича соҳавий ҳамкорлик органлари фаолиятини такомиллаштириш, Ҳамдўстлик доирасида қабул қилинган концептуал ҳужжатларни бажариш жараёнини мониторинг қилиш бўйича ишларни анъанавий давом эттириш режалаштирилмоқда.
МДҲ устав ва бошқа органлари ҳузуридаги Ҳамдўстлик иштирокчи мамлакатларининг Доимий мухтор вакиллари кенгашининг навбатдаги йиғилиши 25-феврал куни бўлиб ўтади.