19/Март/2020 Бухоро - Ислом олами маданияти пойтахти
ТОШКЕНТ. 19 март. /«Дунё»АА/. Юртимиз азалдан ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири бўлган. Хусусан, ислом дини ривожига Бухоро заминидан етишиб чиққан олиму уламолар катта ҳисса қўшган. Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, Абу Ҳафс Кабир, Абу Ҳафс Сағир, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хўжа Ориф Ревгарий, Анжир Фағнавий, Рометаний, Бобойи Самосий, Амир Миркулол, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ аждодларимизнинг мусулмон дунёсида катта ҳурмат билан тилга олинишида ҳам катта маъно бор аслида. Бухоро ана шу буюк аждодларимизнинг соф ислом таълимотига қўшган ҳиссалари учун «Қуббатул ислом» номи билан машҳур бўлди.
Шундан бўлса керак, таълим олиш учун мусулмон оламининг турли мамлакатларидан одамлар илм излаб Бухорога келган. Хусусан XVI асрда ташкил этилган Мир Араб мадрасаси ислом дунёсида катта мавқега эришган. Мир Араб мадрасасини бутун оламга машҳур қилган нарса ҳеч муболағасиз айтишимиз мумкинки, у ердан етишиб чиққан забардаст алламолар ва улар мерос қолдирган буюк асарлардир.
Шу ўринда ўқувчиларда мадрасанинг номи нега Мир Араб деб аталиши бўйича савол пайдо бўлиши табиий. Мир Араб - ўз замонасида ислом дини ривожига ҳисса қўшган тасаввуф оламининг етук намоёндаларидан бири бўлган. У киши ҳақида турли китобларда кўплаб ривоятлар ва маълумотлар келтирилади.
Манбаларда айтилишича, Ҳазрат Мир Араб нақшбандия тариқатининг улуғ пири муршиди, соҳибкаромат авлиё, улкан тарбиячи бўлган. У кишининг асл исмлари Саййид Абдуллоҳ Яманийдир ва Яманнинг Ҳадрамавт деган жойида тахминан 1461 йилда подшоҳ оиласида туғилган.
Саййид Абдуллоҳ Яманнинг амири бўлган, лекин 22 ёшга кирганларида, тожу тахтдан воз кечиб, ҳозирги Туркистон ҳудудига кўчиб яшайди. Кейинчалик Самарқандга – Хожа Аҳрори вале даргоҳига келиб илм ўрганадилар. Абдуллоҳни «Мир Араб Яманий» дейишларига сабаб, у кишининг миллати, амирлиги ва туғилган жойига ишорадир.
Восифий «Бадоеъ ул вақоеъ» асарида ёзишича, ўша даврда Бухорони бошқарган Убайдуллохон Ҳазрат Мир Арабни ўзига пир деб билган.
Мир Араб Бухорода кўплаб иншоотлар, ариқлар, кўприклар қурилишига ҳисса қўшган. Бухоро шаҳридаги «Мир Араб» мадрасаси ҳам у кишининг кўмагида 1530–1536 йиллар мобайнида қурилган. Мадраса шаҳар марказида, қадимий Шаҳристонда жойлашган. Бино икки улкан гумбази билан бошқа тарихий бинолардан ажралиб туради. Мадрасанинг кириш қисми кунботар томонда. Дарвоза улкан пештоқ остида жойлашган. Бино тўрт қаватдан иборат бўлиб, унда 114 та хона бор. Мадрасанинг ички қисми ҳам ажойиб тарзда лойиҳалаштирилган. Ҳужраларни тўртта улкан пештоқ ажратиб туради. Мадрасанинг меъморий шакли тўртбурчак – Қуръон китобини эслатади. Ҳужраларининг 114 талиги эса Қуръон суралари сонига мос келади. Ривоятларга кўра, мадраса асоси чуқур қилиниб, тоғ тошлари билан мустаҳкамланган, қор, ёмғир сувини қочириш учун тазарлар ишланган, улар орқали сувлар шаҳар қўрғонидан ташқарига чиқарилган. Ҳазрат Мир Араб мадраса қурилишининг якунини кўра олмаган. Чунки у киши 1536 йил бошида вафот этганлар. Алломанинг сағаналари мадраса ҳовлисига қўйилган.
Мадраса бунёд этилганидан буён у ерда улуми нақлия (исломий) ва улуми ақлия (дунёвий) таълим берилади. Улуми нақлияда — Қуръони Карим, ҳадиси шариф, фиқҳ илмлари, уларга ёзилган шарҳлар ўргатилган. Улуми ақлияда дунёвий фанлар - фалакиёт, риёзиёт, илми нужум, ал-жабр, кимё, геометрия, география, тарих, фалсафадан сабоқ олинган. Адабиёт, мантиқ, араб тили грамматикаси, мусиқа, хаттотлик санъати ва аҳлоқ-одоб илмларидан ҳам дарслар ўтилган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мадраса турли сулолалар ва ҳукмронликлар даврида ўз мавқеини йўқотмаган. Лекин шонли тарихи ҳамиша осуда кечмаган. Жумладан, собиқ мустабид тузум даврига келиб диний соҳага қарши қаттиқ кураш бошланди. Деярли барча мадраса ва масжидлар ёпилди. Минг йиллар мобайнида битилган қўлёзмалар, китоблар олиб кетилди.
Дарҳақиқат, шўролар даврида ушбу мадраса фаолияти вақтинча тўхтатилган. Кейинчалик яна қайта тикланган. Бироқ ўқув режаларига тарих, география ва рус тили каби фанларни киритиш ва уларга диний фанлардан кўра кўпроқ дарс соатлари ажратилиши шарт эди. Шундай бўлсада ушбу таълим даргоҳидан ислом оламида катта мавқега эришган машҳур олимлар етишиб чиқди. Улар орасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Россия муфтийлар кенгаши раиси Равил Гайнутдин, Татаристон муфтийси Талгат Тожуддин, Озарбайжон муфтийси Оллошукур Пошшозода, Чеченистоннинг биринчи Президенти Аҳмад ҳожи Қодиров каби уламолар мусулмон оламида ҳурмат билан тилга олинади.
Мадрасанинг асрлар давомида илм маскани бўлиб, зиё нури таратиб келаётганига яна бир сабаб - бу мадрасага асос солган улуғ зот, нақшбандия тариқатининг улуғ пири Мири Араб Саййид Абдуллоҳ Яманийнинг шарофати ва барокотларидан, десак ҳеч муболаға қилмаган бўламиз. Зеро ривоятларда айтилишича, шайх Мир Араб ҳазратлари, мадраса қиёматгача илм ва таълим маскани бўлиб қолишлигини сўраб дуо қилган эканлар.
1997 йил Бухоронинг 2500 йиллиги байрами арафасида Мир Араб мадрасаси таъмирланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Бухоро вилоятида Мир Араб олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилган эди. Орадан кўп ўтмасдан бу таклиф ҳаётга тадбиқ этилди.
Ушбу диний таълим муассасасининг ташкил қилиниши фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунда белгиланган виждон эркинлиги ҳамда диний таълим олишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишлари учун яна бир имконият бўлди.
Мадраса мусулмон дунёси уламолари, мактабдор, мударрис, қозилар, масжид имомлари ва турли даражадаги давлат амалдорлари тайёрлайдиган олий ва ўрта даражали ўқув юртидир. Олий мадрасада барча мусулмон мамлакатлари мадрасаларида бўлгани каби диний таълим билан бирга дунёвий фанлар ўқитилмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида бошланган халқимизнинг маънавий қадриятлари ва аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш билан биргаликда бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш йўлида амалга оширилаётган улкан ишларнинг мантиқий давоми, дейиш мумкин.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
“Дунё” АА