30/Январь/2023 Ўзбекистон дунё нигоҳида
ҚОҲИРА, 30 январь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга оид маълумотларни Миср жамоатчилигига етказиш, уларни маҳаллий оммавий ахборот воситалари саҳифаларида ёритиш асносида атрофлича тарғиб этиш доирасида тизимли ишлар олиб борилаётир, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатда фаолият кўрсатадиган “Ал-Хабар ал-Йаум” ахборот агентлиги веб-саҳифасида журналист Фотима Бадавий қаламига мансуб “Ўзбекистон Президенти: 2023 йилда оилавий тадбиркорликка 12 триллион сўм йўналтирилади” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Унда мамлакатимиз раҳбари раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишнинг тафсилотлари қаламга олинган.
Мақолада 2022 йили Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушгани, 1 миллион аҳоли касб-ҳунарга ўқитилиб, иш бошлашига кўмаклашилгани натижасида камбағалликдан олиб чиқилгани маълум қилинар экан, шу даврда 200 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, 10 мингта корхонанинг фаолияти кенгайтирилгани ҳолда 11 мингта корхонанинг қуввати тиклангани қайд этилган.
Шунингдек, айрим ҳудудларда сусткашликлар ҳам борлиги, масалан, мамлакатнинг Навоий, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида камбағалликни қисқартириш кўрсаткичи нисбатан ортда қолгани ҳамда бир қатор туман ва шаҳарларда бандлик дастури имкониятлар даражасида белгиланмагани ҳам қаламга олинган.
Мақолада мамлакатимиз Президентининг “Камбағалликни қисқартиришнинг асосий омили бу – аҳолини даромадли иш билан таъминлаш. Шунинг учун маъмурий ислоҳотлар доирасида камбағалликни қисқартиришга масъул 5 та идора яхлит тизимга айлантирилди. Янги вазирликка барча ташкилий ва молиявий имкониятлар берилди. Энди меҳнат ресурслари ва ишсизлик ҳисобини юритиш ҳам, бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни маҳаллабай ривожлантириш ҳам битта вазирликда бўлади», деб айтган фикрларидан иқтибос келтирилган.
“Аввало, оилавий тадбиркорликка янада туртки бериш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилиши таъкидланди. 2022 йилда бу мақсадга қарийб 10 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилган эди. Жорий йилда Ўзбекистонда оилавий тадбиркорлик дастури учун 12 триллион сўм йўналтирилади. Бундай кредитларнинг энг юқори миқдори ҳам оширилади”, деб ёзади “Ал-Хабар ал-Йаум” ахборот агентлиги.