Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


18/Сентябрь/2021   Президент

МОХИ директори Анвар Носиров: Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги давридаги ижобий натижалар ташкилотнинг бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорлигини кенгайтиришга хизмат қилади


ТОШКЕНТ, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров кеча Душанбе шаҳрида якунланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси якунлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини “Дунё” ААга тақдим этди.

- Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Ташкилот тузилганининг 20 йиллик юбилейига бағишланган мажлисида иштирок этди.

Шу муносабат билан, ушбу давр мобайнида Ташкилот ўзини халқаро муносабатларнинг масъулиятли субъекти, кенг доирадаги масалаларни қамраб олувчи ноёб ташкилот сифатида намоён қилганини таъкидлашни истар эдик.

Сўнгги йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида туб ўзгаришлар рўй берди. Минтақавий тузилма доирасидан чиқиб, тўлақонли халқаро ташкилотга айланди.

Унга Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзо бўлиб кириши билан ШҲТ Евроосиёнинг 60 фоизи ва бутун Ер шари аҳолисининг деярли 50 фоизини қамраб олувчи йирик халқаро тузилмалардан бирига айланди. Ташкилотга аъзо барча мамлакатлар умумий ялпи ички маҳсулоти жаҳон ЯИМининг 23 фоизини, товар айланмаси эса 6,3 триллион доллардан ортиқни ташкил этди.

Бундан ташқари, Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон кузатувчи давлатлар, Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Миср, Непал, Туркия, Қатар, Саудия Арабистони ва Шри-Ланка мулоқот бўйича шерик давлатлар мақомига эгадир.

БМТ, МДҲ, ОҲИЧБМ, ИҲТ, АСЕАН, КХШТ, Евроосий Иқтисодий Иттифоқи, Халқаро қизил хоч қўмитаси, БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти, Наркотикларни назорат қилиш бўйича халқаро қўмита, БМТнинг савдо ва тараққиёт бўйича Конференцияси котибияти, Араб давлатлари лигаси, БМТнинг Саноат тараққиёти бўйича ташкилоти каби тузилмалар билан шериклик алоқалари ўрнатилган.

ШҲТ Котибияти ахборотига кўра, алоқалар ўрнатиш ва мавжуд муносабатлар мақомини ошириш учун 16 та янги ариза келиб тушган.

Мазкур тузилма сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт, савдо, туризм, маданият ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик имконини берувчи ғоятда жозибали майдон эканлигидан яққол далолат беради.

Шу билан бирга, мазкур ҳамкорлик очиқ ва амалий хусусиятга эга бўлиб, халқаро муносабатларнинг бошқа иштирокчиларига қарши қаратилмагани ШҲТ Хартиясида аниқ қилиб белгилаб қўйилган.

Ушбу  мулоҳаза “Шанхай руҳи” деб ном олган – ўзаро ишонч, ўзаро манфаатдорлик, тенглик, бир-бири билан маслаҳатлашувлар, ранг-баранг маданиятларга ҳурмат, биргаликда ривожланишга бўлган интилишда ўзининг ифодасини топган.

2020-2021 йилларда ШҲТга раисликни Тожикистон Республикаси “ШҲТга 20 йил: барқарорлик ва фаровонлик йўлида ҳамкорлик” шиори остида амалга оширди.

Беқарор санитария-эпидемиологик вазият давом этаётганига қарамай, Тожикистон томонидан турли даражада 70 дан ортиқ тадбир ўтказилди. Ўзаро ҳамкорликнинг янги механизмлари йўлга қўйилди – илк бора саноат ва энергетика вазирларининг учрашувлари бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисининг якунларига кўра, ҳамкорликнинг барча соҳаларида мамлакатларимиз позициялари жой олган Душанбе декларацияси қабул қилинди.

Унда томонлар ШҲТни халқаро ҳуқуқнинг устуворлигига асосланувчи янада нуфузли ташкилот сифатидаги мақомини кучайтиришга тайёрлигини билдирди.

Декларацияда Марказий Осиёнинг ШҲТнинг асоси сифатидаги ўрни алоҳида таъкидланганига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Минтақа раҳбарларининг мунтазам равишда Маслаҳат учрашувлари ўтказиб келинаётгани қўллаб-қувватланди.

Бундан ташқари, мамлакатларнинг хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси таъкидланди. Хусусан, Ядро қуролидан холи ҳудуд ҳақидаги шартномага Хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги протоколнинг яқин муддатларда кучга кириши Марказиё Осиёда ядро қуролини тарқатмаслик тартибини мустаҳкамлайди.

Бу, ўз навбатида, нафақат Марказий Осиё мамлакатларини, балки минтақадан ташқаридаги етакчи глобал қудратли давлатлар яқинлашишига қаратилган ҳозирги минтақавий жараёнларнинг амалий ва муҳимлигини яна бир яққол тасдиқлади.

ШҲТга аъзо давлатлар иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича савдо, ишлаб чиқариш, транспорт, энергетика, молия, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, божхона, телекоммуникация, инновация ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди. Мазкур йўналишларда кооперацияни чуқурлаштириш барча давлатларнинг сифат жиҳатидан юқори даражадаги иқтисодий ривожланишини таъминлайди, аҳоли фаровонлигини оширади.

Маданий-гуманитар ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ҳамкорлик бутун дунё ҳамжамиятига ўзаро ҳурмат, бир-бирининг миллий анъаналарига бағрикенглик билан муносабатда бўлиш ва маданиятларнинг халқаро маданий алмашинув орқали бойиши намунасини кўрсатади.

Ва, албатта, ШҲТ мамлакталари раҳбарлари Афғонистондаги ҳозирги вазият ташкилот таъсир доирасидаги маконда барқарор тараққиёт ва тинчликни қўллаб-қувватлашга бевосита таъсир кўрсатувчи омил эканини қайд этди.

Мамлакатда инклюзив ҳукумат ташкил этиш, Афғонистонни террорчилик, уруш ва гиёҳванликдан холи мустақил, нейтрал, ягона ва тинчликпарвар давлат сифатида шаклланиши муҳимлиги қайд этилди.

          Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқишга имкон берадиган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

          Жумладан, ички минтақавий савдони ривожлантириш, саноат кооперациясини кучайтириш, транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш, камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ахборот хавфсизлиги таҳдидларига самарали жавоб қайтариш, Ташкилотнинг ижобий имижини илгари суриш, туризм ҳамкорлигини кенгайтириш, шунингдек, Афғонистонга нисбатан келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш каби йўналишлар қамраб олинди.

          Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Душанбе саммити “Ташкилотнинг салоҳиятига ва қўшма ишлар истиқболларига янгича нигоҳ ташлаш” имкониятини тақдим этди.

2021-2022 йилларда ШҲТга раисликни Ўзбекистон Республикаси амалга ошириш бўйича ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг қарори имзоланди.

Раисликнинг асосий мақсади эса барча жабҳалар – сиёсат, хавфсизлик, савдо, инвестиция, инновация, транспорт, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, маданият соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалий кенгайтиришдан иборатдир.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг раислиги даврида кузатувчи-мамлакатлар ва мулоқот бўйича шериклар билан ҳамкорликни кенгайтириш учун зарур чоралар қабул қилиниб, энг қулай шарт-шароитлар яратилади. Бу давлатимиз етакчисининг нутқида алоҳида таъкидланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ШҲТнинг халқаро тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш, глобал тараққиётни рағбатлантиришга хизмат кўрсатувчи универсал халқаро ташкилот сифатидаги имижини мустаҳкамлаш ниятидадир.

Шу нуқтаи назардан ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси доирасида террорчилик, айирмачилик ва экстремизм кўринишлари ва манбааларини йўқ қилиш бўйича биргаликда иш олиб боришга жиддий эътибор қаратилади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айнан аҳолининг, айниқса ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик бўйича превентив чора-тадбирлар қабул қилишга катта эътибор қаратиш заруриятига урғу берилади.

          Барча аъзолар, кузатувчилар ва мулоқот бўйича шериклар халқлари асосий иштирокчиси бўлган ва фойда олиш учун иқтисодий кооперациясини илгари суриш мамлакатларимиз интилишларига уйғундир.

Аминман, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги давридаги ижобий натижалар ташкилотнинг бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар билан тинчлик ва барқарорлик, иқтисодий тараққиёт мақсадлари йўлидаги ҳамкорлигини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ҳеч шубҳасиз, 2022 йилда Ўзбекистонда ўтадиган ШҲТ саммити кўпқиррали минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда янги босқич бўлади ҳамда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини тарихий жиҳатдан мутлақо янги юксакликка олиб чиқади.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё билан ҳамкорликни кучайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолишини яна бир бор билдирди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Президентининг АҚШ делегацияс...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 октябрь куни Америка Қўшма Штатлари Д...

Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга...

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев...

Ўзбекистон Президенти Россия ташқи ишлар...

Бугун Тошкент шаҳрида ўтаётган халқаро конференция доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат ...

Сўнгги янгиликлар