24/Февраль/2021 Иқтисодий дипломатия
ТОШКЕНТ, 24 февраль. /«Дунё» АА/. Бугун Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров ва Қозоғистон элчиси Дархан Сатибалди ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда элчига Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё халқаро институти фаолиятининг асосий мақсад ва вазифалари тўғрисида маълумот берилди.
Марказий Осиё мамлакатлари билан кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги конструктив муносабатларни мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканлиги алоҳида таъкидланди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги яқин кооперация, илиқ ва қардошлик муносабатларининг ижобий ўсиш суръатлари алоҳида қайд этилди. Узоқ йиллар мобайнида сақланиб келаётган бундай дўстона алоқаларни, айниқса, сўнгги йилларда ҳар томонлама ривожлантиришга катта туртки берилаётгани эътироф этилди.
Томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон таҳлил марказлари ва экспертлар ҳамжамиятлари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Қозоғистон элчиси икки ва кўп томонлама муносабатларни янада кенгайтиришга қаратилган янги таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Мулоқотларни доимий асосда қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.