Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбМаданиятСайёҳликМедиаЯна рукнлар

03/Октабрь/2021   Марказий Осиё

МОХИ экспертлари: Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик алоқалари кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларига асосланган


ТОШКEНТ, 3 октябрь. /"Дунё" АА/. 4-5 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган навбатдаги Ўзбекистон-Туркманистон олий даражадаги саммити арафасида Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) тадқиқотчилари Арес Баязитов ва Зулфия Тўраназарова "Дунё" ахборот агентлигига икки мамлакат  ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини тақдим қилди.

- Бир неча аср мобайнида  ўзбек-туркман халқлари  ягона тарихий-маданий маконга эга бўлиб, умумий  диний қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналар билан ўзаро чамбарчас боғланган, - дейди экспертлар. - Бугунги кунда, икки қардош давлатлар ўртасидаги стратегик шериклик алоқалари  кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларига, ўзаро яқин савдо-иқтисодий ва  гуманитар ҳамкорликка  асосланган.

Икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва  ишончи, шубҳасиз,  ўзбек-туркман муносабатларининг янада ривожланиши ва мустаҳкамланишида  муҳим роль ўйнайди.

Яна бир аҳамиятли томони шундаки, Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти сифатидаги хорижга илк ташрифи 2017 йил март ойида Туркманистонга амалга оширилди. Ташриф якунлари бўйича, тарихий аҳамиятга эга ҳужжат  - Стратегик шериклик тўғрисидаги битим, шунингдек умумий қиймати 150 миллион долларлик шартномалар имзоланди.

2018 йил апрелда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга ташрифи чоғида, Тошкент шаҳрида “Aшхобод” истироҳат боғи, Махтумқули кўчаси, Хоразм вилоятида Ўзбек-туркман дўстлиги уйи ва “Улли ҳовли” мажмуасининг очилиши халқларимиз ўртасидаги дўстлик, бирлик ва маданий яқинликнинг  ёрқин намунаси бўлди.

Бундан ташқари, икки давлат ҳукуматлари ва вазирликлари даражасида ўзаро  яқин алоқалар ўрнатилди. Хусусан, 2020 йил ноябрда Ўзбекистон ва Туркманистон парламентлараро дўстлик гуруҳларининг видеоконференцалоқа шаклидаги биринчи қўшма йиғилиши ўтказилган бўлса, шу йилнинг  март ойида Туркманистон  Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича видеомулоқот кўринишидаги Олий Мажлис парламентлараро дўстлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Жорий йил майда Тошкент шаҳар ҳокимлиги делегацияси Ашхобод шаҳрининг 140 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро учрашувда иштирок этди. Шунингдек, сентябрда  Лебап вилояти делегацияси Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятига, Тошҳовуз вилояти вакиллари Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Ташриф давомида туркман томони  вилоятларимизнинг туристик салоҳияти билан яқиндан  танишиб, чегаралараро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Маълумки, Туркманистон Ўзбекистоннинг савдо-сотиқ бўйича  муҳим стратегик ҳамкори ҳисобланади. Бинобарин, 1996 йилдан бошлаб савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўзбек-туркман Ҳукуматлараро қўшма комиссияси фаолият олиб бормоқда.

Шу йилнинг  14 сентябрь куни ИГКнинг навбатдаги ўн олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унга кўра, томонлар иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўзаро кооперацияни чуқурлаштириш ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришга доир масалаларни муҳокама қилдилар.

Шу билан бирга, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида чегаралараро савдони ривожлантириш, ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, мамлакатларнинг транзит салоҳиятини ошириш хусусида тўхталиб ўтилди.

Биргина сўнгги беш йилликда икки мамлакат ўртасидаги  савдо айланмаси ҳажми қарийб 2,5 баробар ўсиб, 2020 йилда умумий ҳисобда  527 миллион долларни ташкил этди.

Шунингдек, 2021 йилнинг январь-август ҳолатига кўра, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ўзаро савдо айланмаси ҳажми ўсиб,  қиймати  418,1  миллион долларни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан умумий 23,6 фоизга ўсди.

Ўтган саккиз ойда Ўзбекистондан Туркманистонга кимё маҳсулотлари, машина ва ускуналар, озиқ-овқат кўринишидаги маҳсулотлар экспорт қилинган бўлиб, қўшни мамлакатдан электр энергияси, нефть ва кимё маҳсулотлари, озиқ-овқат ва хизматлар  импорт қилинди.

Ўзбекистон ва Туркманистон  савдо-саноат палаталари икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш мақсадида,  мунтазам равишда кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида қўшма тадбирлар, бизнес форумлар, кооперацион биржалар, кўргазмалар, ярмаркалар ташкил  этишга ҳисса қўшмоқда.

Ўтган йил октябрда Ўзбекистон ва Туркманистон Ишбилармонлар кенгашининг икки мамлакатдан 30 дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари иштирокида видеоконференцалоқа форматидаги  биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Транспорт ва логистика соҳаси ўзбек-туркман ҳамкорлигининг яна бир устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, тижорат мақсадида икки мамлакат автомобиль ва темир йўллари орқали учинчи мамлакатга транзит юклари ташилади.

Хусусан, ўтган саккиз ойда халқаро юк ташиш ҳажми солиштириб кўрилганда, умумий ҳисобда қарийб 13,5 фоизга ўсиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 1,2 миллион тоннани ташкил этди. Шундан автомобиллар орқали юк ташиш ҳажми 10,5 фоизга, темир йўл орқали - 34,4 фоизга ошди.

Икки мамлакат коммуникация тизимларининг интеграцияси нафақат Ўзбекистондан Туркманистонга,  балки Яқин ва Ўрта Шарқ  савдо бозорларига энг қисқа йўл орқали чиқишга имконият яратади.

Шу сабабли, мамлакатларимиз  транспорт ва логистика йўналишларини диверсификациялаш масалаларини бир овоздан маъқуллайди. Aшхобод шартномаси доирасида "Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон-Ҳиндистон" субрегионал транспорт йўлаги шакллантирилмоқда. Бу келгусида ташқи бозорларга алтернатив чиқиш йўли сифатида  хизмат қилади.

Бундан ташқари, биргаликда "Хитой - Марказий Осиё - Каспий денгизи - Жанубий Кавказ - Европа" йўналишини шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканликлари  билдирилди.

Ушбу транспорт йўлаги Грузия, Туркия, Руминия ва бошқа қатор мамлакатларнинг Қора денгиз портларига кириб боришини таъминлашга мўлжалланган.

Ўзбек-туркман муносабатларининг устувор йўналишларидан яна бири маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликдир.

Бугунги кунда  Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари ҳар икки мамлакатда ўтказиладиган маданият кунлари, турли концертлар, фестиваллар, спорт тадбирлари ва таълим дастурларида фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, 2019 йилда Туркманистонда МДҲ зиёлилари форуми ва Саломатлик форуми, Ўзбекистонда  "Шарқ тароналари" ва Ҳунармандлар фестиваллари бўлиб ўтди.

Мураккаб пандемия шароитига қарамай,  Туркманистон ва Ўзбекистон санъати ва маданияти вакиллари онлайн ва анъанавий шаклда  ўзаро алоқаларни сақлаган ҳолда, жорий йил Туркманистонда Халқ рақслари фестивали ва мамлакатимизда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Ҳозирда, Ўзбекистонда туркман миллатига мансуб қарийб 200 минг нафар  аҳоли яшайди. Шу билан бирга, юртимизда туркман тилида таълим берадиган жами 61 та мактаб мавжуд бўлиб, унда қарийб 8 минг нафар  туркман миллатига мансуб болалар таҳсил олади. Шундан, жами 21 та мактабда таълим тўлиқ туркман тилида амалга оширилади.

2019-2020 ўқув йилида республикамиздаги олий ўқув юртларида Марказий Осиё мамлакатларидан жами 3 минг 800 нафар талаба таҳсил олган бўлса, шундан  80 фоизи Туркманистон фуқароларига тўғри келади.

Туркманистонлик талабаларнинг асосий қисми Урганч, Қорақалпоқ, Бухоро ва Қарши давлат университетларида, Бухоро давлат тиббиёт институтида, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалида таҳсил олади.

Умуман олганда, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ўсиш суръатлари конструктив мулоқотни янада мустаҳкамлаш,  ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш борасидаги қатъий позициясини тасдиқлайди.

Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклиги дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат  ва ишонч тамойилларига асосланган бўлиб,  кўп асрлик ўхшаш қадриятларга  эга  икки қардош халқларимиз ўртасидаги муносабатлар замонавий дунёда қандай ривожланиши ва тараққий этиши мумкинлигига ёрқин мисол бўлиб хизмат қилади.

Мавзуга оид

Қирғизистоннинг Ақси туманида кучли сел ...

Кеча Қирғизистонинг Жалолобод вилояти Ақси туманида содир бўлган куч сел оқибатида 6 киши...

Ўзбекистон-Тожикистон: қардош халқлар ҳа...

Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) бош илмий ходими Арес Баязитов «Дунё» АА мухбирига...

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири корон...

Қирғизистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазири Алимкадир Бейшеналиев биринчи бў...

Сўнгги янгиликлар