Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


14/Март/2021   Марказий Осиё

МОХИ: Кўп қиррали ҳамкорлик бўйича белгиланган мақсадларга эришиш янги иш ўринларини яратиш, минтақавий барқарорлик ва бошқа устувор йўналишлар бўйича тараққиётга эришишга ҳисса қўшади


ТОШКЕНТ, 14 март. /«Дунё» АА/. “Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат мустақилликка эришганидан бери ўзбек-қирғиз муносабатлари ривожида муҳим воқеа бўлди, – деди Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров “Дунё” АА учун берган шарҳида. – Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида таъкидлаганидек, музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч муҳитида бўлиб ўтди. Томонлар бир-бирининг манфаатларини инобатга олган ҳолда, кенг кўламли вазифаларни биргаликда ҳал қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари ўртасида ўрнатилган муносабатлар узоқ вақтдан буён ўз ечимини топмаётган қатор икки томонлама масалаларни конструктив тарзда муҳокама қилиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилишга имконият яратди.

Аввало, икки қардош халқ ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш учун қўшимча қулай шароитларни яратиш мақсадида Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация қилишни якунлаш
ва назорат-ўтказиш пунктлари фаолиятини такомиллаштириш масалаларида фикр алмашилди.

Хусусан, савдо айланмаси кўрсаткичларини янада оширишга, жумладан, унинг ҳажмини 2 миллиард долларга етказишга катта аҳамият қаратилиб, ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштиришга, савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, инфратузилма ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик лойиҳаларини жадал суръатларда амалга оширишга қарор қилинди.

Минтақалараро алоқаларни фаоллаштиришга имкон берадиган ва Ўзбекистон-Қирғизистон шериклигини юқори даражада ривожлантиришда муҳим омиллардан бири бўлган чегараолди вилоятлари ҳокимларининг йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш тўғрисида қарор қабул қилиниши, айниқса, муҳим аҳамият касб этди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ушбу масалалар икки ҳукуматнинг доимий назорати остида бўлиб, эришилган барча келишувлар ва қабул қилинган ҳужжатлар ижроси мунтазам кўриб чиқилади.

Президентлар транспорт йўлакларини такомиллаштириш бўйича ўзаро манфаатли кооперацияни изчил ривожлантириш заруратини таъкидлади. Бунда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалий бошлаш, шунингдек, Тошкент-Андижон-Ўш-Иркештом-Қошғар мультимодаль йўлаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш кўзда тутилган.

Томонлар энергетика, сувдан фойдаланиш, экология, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бошқа соҳаларда конструктив мулоқотни ривожлантириш, шунингдек қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади.

Икки қардош мамлакат ва халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласи музокараларнинг муҳим мавзусига айланди. Маданият, таълим, ёшлар сиёсати, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида мулоқот ва  алмашувларни янада фаоллаштиришга катта аҳамият қаратилди.

Ушбу барча келишувлар давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотида, шунингдек, ташриф якунида қабул қилинган қатор ҳужжатлар, жумладан, умумий қиймати 935 миллион долларлик  инвестиция ва савдо шартномаларида ўзининг яққол ифодасини топди.

Шубҳасиз, кўп қиррали ҳамкорлик бўйича белгиланган мақсадларга эришиш фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатибгина қолмай, янги иш ўринларини яратиш, минтақавий барқарорлик ва Марказий Осиёда устувор йўналишлар бўйича ривожланишни таъминлашга ҳисса қўшади.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида ташқи сиёсий стратегиянинг очиқлик ва дўстона ҳамкорлик тамойилига асослангани самарасида рўёбга чиқаётганини таъкидлаш лозим.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Қозоғистон Бош вазирлари “...

еча Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатларини боғловчи чегара ҳудудда (“Ғишткўприк” – “Жібек ж...

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ва Афғонис...

Амалий ташриф билан Қобул шаҳрига келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ...

Душанбе шаҳрида доимий фаолият кўрсатади...

Тожикистон пойтахтида Ўзбекистоннинг 15 та саноат ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотларини т...

Сўнгги янгиликлар