24/Январь/2022 Иқтисодий дипломатия
ТОШКЕНТ, 24 январь /«Дунё» АА/. Бугун Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов Бангладеш Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муҳаммад Жаҳонгир Алам бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Навоий вилояти ҳокимлигининг ахборот хизматидан маълум қилинишича, бўлиб ўтган учрашув чоғида Н.Турсунов меҳмонларни ҳудуднинг иқтисодий ва инвестициявий имкониятлари, инфратузилма ва логистика шароитлари билан яқиндан таништирар экан, вилоятда хорижий мамлакатлар, жумладан, Бангладеш Республикаси билан савдо-иқтисодий ва маданий-маърифий алоқаларни янада ривожлантириш учун барча асослар мавжуд эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, элчи Муҳаммад Жаҳонгир Алам Навоий вилояти ва Бангладеш Республикаси бизнес субъектлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик муносабатлари кўламини кенгайтириш, жумладан, мева-сабзавот, тўқимачилик, фармацевтика сингари соҳаларда қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари билан қизиққани баробарида бу йўналишлардаги алоқаларни жадаллаштириш учун кўмаклашишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Музокаралар якуни бўйича бангладешлик ва навоийлик тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бунинг учун улар иштирокида бизнес форум ва ишбилармонлик учрашувларини ташкил этишга келишиб олинди.
Ташриф доирасида Бангладеш элчиси Навоий халқаро аэропорти негизида ташкил этилган Интермодал логистика маркази имкониятлари билан ҳам яқиндан танишди.