Uz / Ўз Ru En

Toshkent

30/Март/2021   Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида

Нидерланд тилида Ўзбекистонга бағишланган китоб тақдимоти ўтказилди


БРЮССЕЛЬ, 30 март. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчихонасида санитария-эпидемиология соҳасидаги барча эҳтиёткорлик чораларига риоя қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги ва Наврўз байрамини кенг нишонлаш доирасида тантанали маросим ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Бельгия, Нидерландия ва Люксембург ижтимоий-сиёсий ва ишбилармон доиралари вакиллари, олим ва тадқиқотчилар ҳамда ушбу мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирок этди. 

Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Дилёр Ҳакимов меҳмонларни Наврўз айёми билан муборакбод этди. Дипломатик миссия раҳбари йиғилганларини жорий йил катта байрам қилинадиган Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги билан қутлаб, ушбу қутлуғ санага бағишланган тантанали тадбирлар йил давомида нафақат Ўзбекистон, балки дунё бўйлаб нишонланиши, хусусан, Брюссель ҳам кўплаб учрашувлар, тадбирлар, илмий-амалий анжуман ва шодиёналар маркази бўлишини алоҳида таъкидлади.

Маросим доирасида нидерландиялик таниқли маданият арбоби Бурҳониддин Чарлак томонидан нидерланд тилида ёзилган “Ўзбекистон – Буюк ипак йўли маржони” китобининг тақдимоти ҳам  ўтказилди.

Ўзбекистон тарихи, маданияти, санъати, адабиёти ва маънавий мероси ҳамда замонавий тараққиётига бағишлаб ёзилган туркум мақолалардан иборат асар Б.Чарлакнинг Ўзбекистонга қилган саёҳатлари, халқимизнинг меҳмондўстлиги, самимийлиги, бой маданияти, санъати, қадимий урф-одатлари, меъморчилик обидалари билан яқиндан танишгани, уларга меҳр қўйгани, диёримизнинг ўтмиши ва замонавий тараққиётига қизиқиш билдираётган олим ва тадқиқотчилар билан ўрнатган ҳамкорлиги натижасида дунёга келган.

“Ўзбекистонга бағишлаб китоб ёзиш ғоясини дилимга тугиб қўйганимга анча бўлганди, - деди Б.Чарлак. – Шу кунгача юртингиз тўғрисида кўплаб маълумотлар тўпладим, Нидерландияда Ўзбекистонга қизиқиши бўлган мутахассислар, ишбилармонлар, тарихчи ва журналистлар билан ҳамкорлик ўрнатдим. Ўзбекистонга қилган сафарларим, ҳамкасб ва ғоядошларим билан амалга оширган ҳамкорлик натижасида бугун тақдим қилинган китоб дунёга келди. Мен ўз асаримни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишладим”.

Тадбирда, шунингдек, китобнинг яратилишига ҳисса қўшган бошқа муаллифлар ҳам сўзга чиқди. Жумладан, бельгиялик фотожурналист Джон Райнхард Ўзбекистонни ўзи учун кашф қилганидан буён мамлакатимизга ҳар борганида олам-олам таассурот билан қайтаётганини таъкидлади.

“Бир неча йил муқаддам Ўзбекистонга бағишланган ҳужжатли фильмни томоша қилган эдим, - деди журналист. - Унда Тошкент метрополитени намойиш этилган бўлиб, ўшандаёқ мен бу мўъжизавор иншоотни ўз кўзим билан кўриш орзусида ёна бошладим. Орадан кўп ўтмай Тошкентга бориб, унинг “ер ости қаср”ларидан ҳайратда қолиб, уларни ўз суратларимда акс эттирдим. Улар Бельгия ва Нидерландиянинг оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши билан бир қаторда, элчихонанинг доимий кўргазмасидан жой олганидан бахтиёрман. Пандемия ортга чекингач, ажойиб юртингизнинг бошқа мўъжизаларини тараннум этиш имконига эга бўламан, деган умиддаман”.  

Нидерландиялик таниқли журналист ва тарихчи, “Совет шон-шуҳрати майдони” жамғармасининг директори Ремко Рейдинг сўнгги йилларда жамғарманинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади.

“Кўпчилигингизга маълум, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Нидерландияга асли ўзбекистонлик бўлган 101 нафар аскар асир сифатида олиб келинган ва “Амерсфорт” концлагерида турли шароитларда фашистлар қурбонига айланган, - деди Р.Рейдинг. – Охирги 20 йил давомида биз уларнинг шахсини аниқлаш борасида улкан ишларни амалга оширдик. Ҳозир эса 101 нафар аскарнинг қабрларини обод қилиш, қабртошларини янгилаш бўйича ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бу ҳақдаги маълумотлар бугун тақдимоти ўтказилаётган китобга киритилганидан бағоят мамнунман”.

Нидерландиялик таниқли маданият арбоби, қоғоз ишлаб чиқариш бўйича қадимий услублар тадқиқотчиси Лео Хойген 2019 йил сентябрь ойида Қўқон шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида ўтказилган биринчи халқаро ҳунармандчилик фестивалидаги иштирокини мамнуният билан ёдга олди.

“Ўшанда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқини тинглаб, жудаям таъсирланган эдим, - деди нидерландиялик уста. –   Давлатингиз раҳбари ҳунармандчиликнинг миллий ва глобал маданиятдаги беқиёс ўрни, унинг ёш авлодни тарбиялаш, уни ижодкорлик ва яратувчанлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши тўғрисида жуда чуқур маъноли ғояларни изҳор этган, ташаббусларни илгари сурган эди. Ўзбекистондек аҳолиси ёш ва улғайиб келаётган давлат учун - бу ўта муҳим. Юртингизда ҳунармандчиликни асраб-авайлаш, ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар таҳсинга сазовор. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида навбатдаги ҳунармандчилик фестивалини орзиқиб кутиб қоламиз”.

Тадбирда сўзга чиққан ватандошимиз, Ўзбекистон Экспортчилар уюшмасининг Нидерландиядаги вакили Нодира Абдуллаева барча меҳмонларни Наврўз айёми билан қутлаб, Ўзбекистоннинг қутлуғ байрамларини нишонлаш учун элчихонага тўпланганларга миннатдорлик билдирди.

“Биз бу йил юртимиз Мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаймиз, - деди ватандошимиз. – Бу – улкан шодиёна. Бундан ташқари, айни кунларда Ўзбекистон ва дунёнинг турли бурчакларида, шу жумладан, Брюсселда ҳам Наврўз тантаналари бўлиб ўтмоқда. Мен Нидерландияда яшаб, истиқомат қилганим боис Ўзбекистонга бағишлаб нидерланд тилида асар битилганидан хабар топиб, жуда хурсанд бўлдим. Энди менинг юртим, унинг тарихи ва замонавий тараққиётига қизиққан дўст ва ҳамкасбларим учун керакли маълумотларни уларнинг она тилида ҳавола этиш имкониятига эгаман”.

Дарҳақиқат, нидерланд тилида ёзилган асар юртимизга бағишлаб бу тилда яратилган йирик асарларнинг қалдирғочи бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан олинган ранг-баранг суратлар билан безатилган китоб мамлакатимиз тарихи, дини, маданияти, халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги буюк ғалабага қўшган ҳиссаси, таомлари, урф-одатлари, туризм ва иқтисодиёт соҳаларидаги салоҳияти тўғрисидаги қизиқарли маълумот ва фикр-мулоҳазаларга бой.

Китобнинг кириш сўзи Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов томонидан ёзилган. Бундан ташқари, китобга нидерландиялик қатор таниқли олим, журналист, тарихчи, саёҳатчи ва иқтисодчилар ҳам ҳисса қўшган. Муаллифлар орасида, жумладан, Абдулвоҳид ван Боммель, Флоор Хербринк, Марлин Тутенел, Юсуф Оққоя, Ласло Мараш, Ирис Бесуйн, Седат Чакир каби номларнинг борлиги китобга киритилган маълумотлар, фикр ва далилларнинг ишончлилиги ва адабий жиҳатдан пухталигини кафолатлаган.

Мавзуга оид

Франция билан ҳамкорликдаги сармоявий ло...

Аввал хабар қилинганидек, Франция Ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиё давлатлари билан иқ...

Навоий педагогика институти ва Сандерлен...

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси Навоий давлат педагогика институти (НДПИ) ва Буюк Бри...

Польшада бўлиб ўтган Халқаро Осиё конгре...

Ўзбекистоннинг Польшадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Бобоев Торун шаҳрида онлайн ш...

Сўнгги янгиликлар