Uz / Ўз Ru En

Toshkent

07/Март/2021   Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида

Нидерландиялик таниқли маданият арбоби Бурхан Чарлак: Асаримни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишладим


    БРЮССЕЛЬ, 7 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонасида нидерландиялик таниқли маданият арбоби Бурхан Чарлак билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир чоғида нидерландиялик меҳмон Ўзбекистон тарихи, маданияти, санъати, адабиёти, диний ва маънавий мероси ҳамда замонавий тараққиётига анчадан буён қизиқишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга қилган кўплаб саёҳатлари давомида у халқимизнинг меҳмондўстлиги, самимийлиги, бой маданияти, санъати, қадимий урф-одатлари, меъморчилик обидалари билан яқиндан танишган ва диёримизга меҳр қўйган.

Айтиш жоизки, ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида Б.Чарлак Ўзбекистонни нидерландияликлар орасида таништириш борасида эътиборга молик ишларни амалга оширган. Жумладан, унинг бевосита иштирокида Нидерландиянинг қатор шаҳарларида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодиёт, инвестиция, туризм, ҳунармандчилик соҳаларидаги салоҳиятига бағишланган йирик тақдимот маросимлари ташкил этилган. Мазкур тадбирларда Нидерландиянинг йирик ишбилармонлари ва маданият арбоблари иштирок этиб, Европада Ўзбекистон нуфузини тараннум этишга ҳисса қўшган.

Дипломатик ваколатхонада бўлиб ўтган учрашувда  нидерландиялик таниқли маданият арбоби шу кунларда ўзининг “Ўзбекистон – Буюк ипак йўли маржони” деб номланган китоби устидаги ишларни якунлаб, асарни чоп этиш ишларини бошлаб юборганини мамнуният билан таъкидлади.

“Ўзбекистонга бағишлаб китоб ёзиш ғоясини дилимга тугиб қўйганимга анча бўлганди, - деди Б.Чарлак. – Шу кунгача юртингиз тўғрисида кўплаб маълумотларни тўпладим, Нидерландияда Ўзбекистонга қизиқиши бўлган мутахассислар, ишбилармонлар, тарихчи ва журналистлар билан алоқа ўрнатдим. Ўзбекистонга қилган сафарларим, ҳамкасб ва ғоядошларим билан амалга оширган ҳамкорлик натижасида куни кеча ёзиб битирилган китоб дунёга келди. Мен ўз асаримни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишладим”.

Дарҳақиқат, нидерланд тилида ёзилган асар юртимизга бағишлаб бу тилда яратилган йирик китобларнинг биринчиси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан олинган ранг-баранг суратлар билан безатилган китоб мамлакатимиз тарихи, дини, маданияти, халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги буюк ғалабага қўшган ҳиссаси, таомлари, урф-одатлари, туризм ва иқтисодиёт соҳаларидаги салоҳияти тўғрисидаги қизиқарли маълумотлар, фикр-мулоҳазаларни ўзида мужассам этган.

Китобнинг кириш сўзи Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов томонидан ёзилган. Бундан ташқари, китобга нидерландиялик қатор таниқли олим, журналист, тарихчи, саёҳатчи ва иқтисодчилар ҳам ҳисса қўшган. Муаллифлар орасида, жумладан, Абдулвоҳид ван Боммель, Жон Райнхард, Флоор Хербринк, Ремко Рейдинг, Марлин Тутенел, Лео Хёген, Юсуф Оққоя, Ласло Мараш, Ирис Бесуйн, Седат Чакир каби исмларнинг борлиги китобга киритилган маълумотлар, фикр ва далилларнинг ишончлилиги ва адабий жиҳатдан пухталигини кафолатлаган.

Элчихонада ўтказилган суҳбат чоғида яқин кунларда нашрдан чиқиши кутилаётган китобнинг расмий тақдимот маросимини Ўзбекистоннинг Брюсселдаги дипломатик ваколатхонасида ўтказишга келишиб олинди.

Мавзуга оид

Малайзиянинг статистика фаолиятини самар...

Мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида 16-17 декабрь кунлари Ўзбекистон Рес...

Озарбайжонлик сиёсатшунос олим ЖИДУ тал...

Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси кўмагида “Жанубий Кавказ” сиёсатшунослар клуби ра...

Жанубий Кореядаги ватандошлар учун онлай...

Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Квангжу шаҳрид...

Сўнгги янгиликлар