08/Декабрь/2022 Ватандошларимиз
НОВОСИБИРСК, 8 декабрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси томонидан Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Томск шаҳар “Дўстлик уйи”да кенг жамоатчилик вакиллари, ўзбек диаспораси аъзолари ва фаол талаба ёшлар иштирокида маданий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Бош консулхона ходимлари томонидан юртимизда ҳуқуқий демократик ва очиқ фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун обод ва фаровон турмушни барпо этиш, халқаро майдонда мамлакатимизнинг муносиб ўрнини янада мустаҳкамлашда Асосий қонунимиз муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.
Тадбирда сўз олган ватандош нуронийлар Конституция – бугунги ва эртанги кунимиз, қураётган жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи жуда муҳим ҳужжат эканлигига эътибор қаратишди.
Ўз навбатида, талаба ёшларимиз Ўзбекистон Конституцияси ўзларига фахр-ифтихор туйғуларини бағишлаши, миллати, тили ва эътиқодидан қатъий назар Ўзбекистонда яшаётган барча аҳоли вакиллари учун бирдек мустаҳкам ҳуқуқий ҳимоя эканлиги ҳақидаги фикрларини ўртоқлашдилар.