06/Июнь/2023 Ҳамкорлик
НОВОСИБИРСК, 6 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида Тошкент шаҳар Болалар миллий тиббиёт маркази билан Новосибирск вилоят шифохонаси ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги болалар тиббиётини янада ривожлантириш ҳамда мамлакатимизда тиббиёт туризмини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ҳужжат асосида болалар трансплантацияси, нейрологияси, онко-гемотологияси, перинатал тиббиёт, болалар нейрохирургияси ва неврологияси йўналишларида тиббиёт кадрларини малакасини ошириш, мастер-класслар ўтказиш, тадқиқот ишлари учун малакали мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш белгилаб олинди.
Шунингдек, Новосибирск вилояти шифохонасида Ўзбекистондан юборилган мутахассисларни юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича бепул малакасини ошириш ҳамда амалиёт ўташи бўйича ҳам келишувга эришилди.