02/Декабрь/2022 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
НЬЮ-ЙОРК, 2 декабрь. /«Дунё» АА/. Нью-Йорк шаҳрида «Do you know Uzbekistan?» («Сиз Ўзбекистонни биласизми?») мавзусида акция ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унинг доирасида Нью-Йорк шаҳри меҳмонлари ва аҳолисига Ўзбекистон, жумладан, унинг жўғрофий жойлашуви, тарихий шаҳарлари ва диққатга сазовор жойлари, буюк алломалар, жаҳон цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган мутафаккирлар ҳақида саволлар берилди.
Бруклин кўприги, 911 ёдгорлик мажмуаси ва Уолл-стритдаги «Ҳужум қилаётган буқа» монументи майдонларида ўтказилган сўровлар давомида акция иштирокчиларига Ўзбекистон, жумладан, хорижий сайёҳлар учун яратилган қулай шароитлар ҳақида қўшимча маълумотлар берилди. Акцияда фаол қатнашганларга эсдалик совғалари ва «Ўзбекистонга ташриф буюриш учун 12 та сабаб» брошюраси тақдим этилди.
Иштирокчилар таъкидлаганидек, Ўзбекистон ҳақида кўп қиррали маълумот беришга қаратилган бундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши хорижий жамоатчиликнинг мамлакатимизга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади.