Uz / Ўз Ru En

Toshkent

12/Февраль/2020   Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили

Олий Мажлис палаталари фаолиятига “Электрон парламент” тизими жорий этилади


ТОШКЕНТ, 12 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ролини янада кучайтириш мақсадида улар фаолиятига “Электрон парламент” тизими жорий этилиши кутилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу борадаги янгилик Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони лойиҳасида кўзда тутилган.

Қайд этилишича, 2020 йил 1 майдан ишга тушириладиган янги тизим интернет тармоғида парламент ва депутатлар сўровларини шакллантириш, сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш учун шароит яратади. Бунинг учун фуқаролар мурожаатлари асосида электрон портал ва мобил иловадан фойдаланилади.

Шунингдек, ҳужжат лойиҳасида Қуйи палатанинг парламент назоратини амалга оширишдаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича вазифалар ҳам белгиланган. Унга кўра, 2020 йил 1 июлдан бошлаб Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари фаолияти бўйича, шунингдек, ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлари тўғрисида ахборотларни мунтазам равишда эшитиш тартибини жорий қилиш режалаштирилган.

Ўтган вақт мобайнида давлат ва жамият ҳаётига оид муҳим масалаларда халқ фикрини атрофлича ўрганиш мақсадида “Mening fikrim” веб портали ишга туширилган эди. Фармон лойиҳасида фуқаролар ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва уларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб қилиш мақсадида 1 июлдан ушбу портал мобил иловасини ишга тушириш белгиланган. Портал орқали келиб тушадиган мурожаатлар тегишли соҳа вакиллари иштирокида оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилиб борилади.

Фармон билан қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва халқ иродасини рўёбга чиқариш мақсадида 2020 йил 1 августидан жисмоний ва юридик шахслар, Бизнес омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашларига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида кўриб чиқиш учун масалаларни киритиш ҳуқуқи тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун “regulation.gov.uz” ва “2020.strategy.uz” порталларига жойлаштирилган.

Мавзуга оид

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш б...

Жорий йил 1 майга қадар коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил орган тузилиши мумкин....

Ўзбекистонда давлат дастури доирасида 17...

Жорий йилда умумий қиймати 17,5 триллион сўм ва 9,6 миллиард долларга тенг лойиҳаларни ама...

Ўзбекистонда талабаларга контракт пулини...

Давлатимиз раҳбарининг «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш...

Сўнгги янгиликлар