Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбМаданиятСайёҳликМедиаЯна рукнлар

20/Октабрь/2021   Парламент

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари: Ўзбекистон ЕОИИ билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор


ТОШКЕНТ, 20 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Актам Ҳаитов бугун парламент қуйи палатаси сайтида эълон қилинган мақоласида  давлатимиз раҳбарининг Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдан ташқари йиғилишидаги нутқида ушбу ташкилот билан самарали ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифларини барча томонлар учун манфаатли эканини қайд этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Қуйида ушбу мақоланинг тўлиқ матни эътиборигизга ҳавола этилмоқда.

«Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида кузатувчи давлат мақомини олган Евроосиё иқтисодий иттифоқи 2014 йилда Россия, Беларусь ва Қозоғистон ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Бу иттифоққа 2015 йилда Арманистон ва Қирғизистон аъзо бўлган, Молдова ва Куба кузатувчи мақомига эга.

ЕОИИнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини юксалтириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперацияни ривожлантиришдан иборат.

ЕОИИ мамлакатлари географик жойлашуви ва тарихий алоқалар нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг ўзаро манфаатли савдо шериклари ҳисобланади. Кейинги йилларда эса юртимизнинг ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада фаоллашди.

Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ошаётгани, ташқи савдо-инвестицион муносабатларда фаол иштирокчига айланиб, минтақада муҳим роль ўйнаб келаётгани ўзаро икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг фаоллашишида яққол намоён бўлмоқда.

Шу жиҳатдан, Ўзбекистоннинг барча тегишли омилларни пухта таҳлил қилган ва ҳисобга олган ҳолда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ўзаро ҳамкорлик қилиши муҳим аҳамиятга эга. «Тўртта эркинлик» бозори — инсонлар, маблағ, хизматлар ва товарларнинг эркин ҳаракатланиши деб эълон қилинган Евроосиё иқтисодий иттифоқи катта географик майдонни эгаллаганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Солиқлар, божлар ва харажатлар тартибга солинган ва камайтирилгани боис, ягона ҳудуд ва иқтисодий макондан фойдаланиш иштирокчиларга ички, шерикчилик (эркин зона чегарасида) ва халқаро савдони енгиллаштиради. Масалан, мева-сабзавотлар, тўқимачилик-трикотаж маҳсулотларга бўлган барқарор ўсиш суръатини ҳисобга олган ҳолда, ушбу ташкилот билан ҳамкорлик қилиш экспортни кўпайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат — меҳнат миграцияси омили. Бугунги кунда ЕОИИга кирмайдиган мамлакатларнинг визаси бўлмаган фуқаролари учун қўйилган тақиқлари ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг аҳволини қийинлаштирмоқда. Жумладан, юртимиздан борган мигрантларга дорихоналар, стационар бўлмаган чакана савдо объектлари, дўкон ва бозорларда меҳнат қилиш жоиз эмас. ЕОИИ билан ҳамкорлик фуқароларимизга ташкилот доирасидаги умумий меҳнат бозорининг барча афзалликлари ва имтиёзларидан фойдаланиш, меҳнат шартномасига эга шахсларга Россияда муддатсиз қолиш имконини беради.

Шунингдек, МДҲнинг ЕОИИ аъзоси бўлмаган мамлакатларининг “визасиз” фуқаролари қонуний ишга жойлашишлари учун патент олишлари керак. Меҳнат патенти учун тўлов бекор қилинганда, мигрантлар учун жами тўғридан-тўғри фойда йилига уч миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Қолаверса, бундай фуқаролар ташкилотга аъзо мамлакатга ташриф буюрганларидан ярим йил ўтгач, солиқ тўловчилар тоифасига ўтказилади. Масалан, Россияда 30 фоизли солиқ ўрнига 13 фоизли даромад солиғи тўлай бошлайди.

Ўзбекистонда олинган деярли барча дипломлар бутун ЕОИИ ҳудудида тан олинади. Бу иш берувчи фуқароларга нисбатан қўйилган чекловлар бекор қилиниши ва тартиб-таомилларнинг соддалаштирилишига олиб келди. Мазкур қулайлик ташкилотга аъзо мамлакатлар меҳнат бозорида уларнинг рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради.

Ушбу жиҳатлар олий ва ўрта махсус таълим дипломларининг сўзсиз тан олиниши, интеллектуал мулк ва илмий-техник интеграциянинг ҳимоя қилиниши каби масалаларга ҳам тааллуқлидир. Ўзбекистон фуқаролари учун ташкилотнинг банк тизимидаги молиявий хизматлар, жумладан, қарзлар, кредитлар ва пенсия жамғармаларидан фойдаланиш енгиллашади.

ЕОИИ мамлакатларидан қайта экспорт қилиш орқали арзон товарлар, хусусан, машинасозлик, қора металлургия, озиқ-овқат, гўшт-сут, ёғ маҳсулотлари ва маиший буюмларнинг юртимизга кириб келиши кутилмоқда.

Бу, бир томондан, тармоқнинг рақобатбардошлигини кучайтириш, бошқа томондан, ЕОИИда фаолиятнинг шартли шароитларига янада муваффақиятли мослашиш йўлида иқтисодиётнинг муайян секторлари учун ўтиш даври зарурлигини ҳисобга олиш чораларини назарда тутадиган тактикани ишлаб чиқиш муҳимлигини англатади. Бундай шароитда миллий иқтисодиёт, ташқи савдо ва миграция оқимларини тўғри диверсификация қилиш ЕОИИ билан амалий ва оқилона сиёсат юритишга ёрдам беради.

Бундай ёндашув 14 октябрь куни Ўзбекистон Президентининг Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган видеоанжуман йиғилишидаги иштирокида ҳам намоён бўлди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини олганидан буён ушбу интеграциявий бирлашманинг давлатимиз раҳбари иштирокида ўтган учинчи саммити бўлди.

Йиғилиш таҳлиллари кўрсатдики, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳам аниқ натижаларга эришишга қаратилган фаол ва ташаббускор ташқи сиёсат юритмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистоннинг табиий савдо ва иқтисодий ҳамкорлари — ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Масалан, пандемия шароитида мамлакатимизнинг ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми барқарор ортиб бораётгани таъкидланди. Савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш муҳим экани алоҳида қайд этилди.

Бу борада давлатимиз раҳбари ўзаро савдода мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, техник регламент ва стандартларни уйғунлаштириш, божхона тартиботларини рақамлаштириш бўйича қўшма “йўл харита”сини ишлаб чиқиш бўйича илгари сурган таклифни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш орқали минтақалараро қўшилган қиймат занжирларини яратишда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини алоҳида эътироф этиш лозим.

Тошкент шаҳрида ҳар йили «Иннопром — Марказий Осиё» саноат форуми ўтказилиши бунинг учун янги имкониятлар очади. Миллий иқтисодиётларнинг барқарор ривожланишида муҳим омил сифатида транспорт йўлаклари тармоғи ва логистика инфратузилмасини такомиллаштириш муҳим экани, шубҳасиз, қизиқиш уйғотади. Бу борада биз, тадбиркорлар фикрини ифода этувчи сиёсий куч сифатида давлатимиз раҳбари илгари сурган, Ўзбекистон томонидан Россия ва Қозоғистон билан биргаликда йўлга қўйилаётган зарур товарларни тез фурсатда ўзаро етказиб бериш бўйича «Агроэкспресс» лойиҳасига қўшилиш таклифини маъқуллаймиз.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги навбатдаги иштироки ЕОИИ билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, ташкилотга аъзо мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яқин шерикликни ривожлантириш йўлидаги яна бир қадам бўлди».

Мавзуга оид

Барқарор ва инклюзив тикланишни молиялаш...

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати маълумотига кўра, 29 март куни «2030 кун тартиби учун молия...

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўри...

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев кеча Европа тикланиш ва тарақ...

Ўзбекистон гендер тенглик тажрибаси «Аёл...

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева кеча «Аёл ва фан: гендер жиҳатлари» мавзусидаги ...

Сўнгги янгиликлар