07/Февраль/2023 Иқтисодий дипломатия
МАСҚАТ, 7 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида «Ўзбалиқсаноат» уюшмаси ва Ўмоннинг «Oman Fisheries» компанияси вакиллари ўртасида онлайн-мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Музокараларда ўзаро ҳамкорликнинг амалий йўналишлари муҳокама қилинди. Ўмон компанияси вакилларига Ўзбекистонда балиқчилик саноатини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва ушбу соҳада инвестиция киритиш имкониятлари ҳақида маълумот тақдим этилди.
Томонлар балиқчилик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш мақсадида ўзаро ташрифларни ташкил этиш юзасидан келишиб олди.