Uz / Ўз Ru En

Toshkent

28/Июль/2021   Таълим

Оролбўйи ҳудудида Эрон технологияси асосида артемия цисталарини етиштириш лойиҳаси амалга оширилади


 

ТЕҲРОН, 28 июль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Қорақалпоғистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мутасаддилари иштирокида Тошкент давлат  аграр университетининг Нукус филиали  ва Эроннинг Урмия давлат университети  ўртасида онлайн-музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда томонлар ўзаро институционал ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва артемия цистасини Оролбўйи ҳудудларида кўпайтириш ҳамда қайта ишлашни комплекс ривожлантиришнинг истиқболларини муҳокама қилди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси Б.Абдуллаев, Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали директори Э.Торениязов, Қорақалпоғистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари А.Камолов, Мўйноқ тумани ҳокимлиги ҳузуридаги «Орол артемия саноат» ДУК директори С.Данияров, Урмия университети ректори Р.Хоббенаги, мазкур университет ҳузуридаги Артемия ва аквамаданият илмий-текшириш институти директори Н.Аг, Эроннинг Ғарбий Озарбайжон вилояти саноат, конлар ва савдо вазирлиги раҳбари Ғ.Бабаи, шунингдек, икки университет профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси Б.Абдуллаев анжуман иштирокчиларига ўзаро ҳамкорликка тайёр эканлиги учун миннатдорлик билдирар экан, икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси ўзаро манфаатли  савдо-иқтисодий алоқалар ҳамда олий таълим, илм-фан, тадқиқотлар ва технологиялар соҳасидаги муносабатларни жадаллаштириш учун кенг имкониятлар очиб берганини таъкидлади.

Қорақалпоғистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари А.Камолов Эрон томонига Орол денгизи фожеаси оқибатларини бартараф этиш бўйича сўнгги йилларда қабул қилинган ҳужжат ва дастурлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида ҳудудда  артемия цисталарини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш ҳамда аквамаданият тармоғини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани, бу борада кўпгина диққатга молик ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.

Урмия университети ректори Р.Хоббенаги икки мамлакат тарихи, урф-одатлари, маданияти ва анъаналари муштараклигини эътироф этгани баробарида  Ўзбекистон томонини  университет тарихи,  факультетлар ва илмий-тадқиқот марказлари фаолияти билан атрофлича таништирди. У Урмия университети Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали билан таълим, фан, илмий-техникавий соҳаларда, шунингдек, артемия цистасини етиштириш ва бу йўналишда узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёр эканини маълум қилди.

Эрон томонининг айтишича, агар артемия цисталари илмий ва технологик жиҳатдан тўғри овланиб қайта ишланса, ташқи бозорларда маҳсулот қийматини 60 доллардан 300 долларгача сотиш мумкин. Бу эса бюджетга  катта миқдорда хорижий валюта маблағларини жалб этиш имконини бериши мумкин.

 Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали директори Э.Торениязов Урмия университети билан ҳар жабҳада кооперация алоқаларини ва институционал ҳамкорликни ўрнатишга қизиқиш билдирар экан,  академик алмашувларни йўлга қўйиш, қўшма илмий-лойиҳалар ва тадқиқотлар ўтказиш, артемия цистасини етиштириш йўналишларида ҳамкорликни янада жадаллаштиришга тайёр эканлигини таъкидлади.

Онлайн-тадбир давомида Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали директори Э.Торениязов ва Урмия Давлат университети ректори Р.Хоббенаги олий таълис муассасалари ўртасидаги Ҳамкорлик келишувини имзолади.

Музокаралар якунида  томонлар эришилган келишувларни амалиётга жорий этиш ва «Орол артемия саноат» унитар корхонаси ва Урмия университети ҳузуридаги Артемия ва аквамаданият илмий-текшириш институти  билан артемия цистасини сертификациялаш орқали ўзбек брендини яратиш бўйича ҳамкорлик битимини тайёрлашга келишиб олди.

 

Мавзуга оид

Британия университети Ўзбекистон олий ...

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари ва Британиянинг Ноттингем Трент университети (Nottingham T...

Ўзбекистон ва Россия мактаб ўқувчилари у...

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги делегацияси Россия Федерациясига амалий ташрифи чоғида М...

30 август куни «Ўзбекистоннинг янги тара...

Ўзбекистон Фанлар академияси, Ташқи ишлар, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Маданият вазир...

Сўнгги янгиликлар