27/Ноябрь/2020 Долзарб
ТОШКЕНТ, 27 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази»нинг (ICBA, БАА) Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ буйича Тошкент шаҳридаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда халқаро илмий-амалий семинар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига таяниб.
«Маргинал шароитда қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ва инновациялар: муаммолар ва истиқболлар» мавзусида ўтказилган талбирда тегишли вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этишди.
Семинарда Орол бўйида амарант ўсимлигини етиштириш технологияси ва унинг истиқболлари, таназзулга учраган ерларнинг биогумус ёрдамида ҳосилдорлигини ошириш, Оролбўйи минтақасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, минтақа шароитларига мослаштирилган ўсимликлар навларини танлаш ва етиштириш каби долзарб муаммолар муҳокама қилинди.