Uz / Ўз Ru En

Toshkent

29/Июль/2020   Иқтисодиёт

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки бошқарув кенгаши йиғилишида Ўзбекистон вакили иштирок этди


ТОШКЕНТ, 29 июль. /«Дунё» АА/. Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) бошқарув кенгашининг видеоконференция шаклидаги йиллик йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.

Тадбирда банкка аъзо 82 та мамлакатдан бошқарувчилар, банк раҳбарияти, халқаро экспертлар ва бошқа юқори мартабали меҳмонлар иштирок этди.

Йиғилишни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин кириш сўзи билан очиб берди ва банк акциядорларини тараққиётнинг янги, кўп томонлама молиявий институти муваффақиятли шаклланиши билан табриклади.

Йиллик йиғилишининг кун тартибидаги асосий масала ОИИБ президентини сайлаш бўлди. Овоз бериш натижаларига кўра, амалдаги президент Цзинь Лицюнь бошқарув кенгаши аъзоларининг бир овоздан қабул қилинган қарорига асосан 2021-2025 йилларда банк раҳбари этиб сайланди.

Шунингдек, йиғилиш доирасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда глобал ва минтақавий иқтисодиётда рўй бераётган тенденциялар, COVID-19нинг халқаро иқтисодий муносабатларга таъсири, пандемия келтириб чиқарган муаммоларни енгишда банкка аъзо давлатларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар дастури, шунингдек, корпоратив стратегияни тайёрлашнинг ҳолати муҳокама қилинди.

Давра суҳбати давомида ОИИБ фаолиятининг қисқа ва узоқ муддатли устувор йўналишлари белгиланди, лойиҳаларни амалга оширишда Банк томонидан мультипликатив самарага эришиш имконини берадиган тизимли ёндашув қўлланилиши зарурлиги, шунингдек, ОИИБга аъзо давлатларда иқтисодиётни тиклаш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида мунтазам равишда фикр алмашиб туриш лозимлиги таъкидланди.

ОИИБ раҳбарияти томонидан банкнинг 2019 йил якунлари бўйича ҳисобот, шунингдек, пандемиянинг иқтисодий оқибатларини бартараф этишда банкка аъзо давлатларни қўллаб-қувватлаш доирасида кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисобот тақдим этилди.

Йиғилиш иштирокчиларига 10 миллиард АҚШ доллар миқдоридаги ОИИБ «COVID-19 инқирозидан кейин тикланиш» махсус дастурининг амалга оширилиши тўғрисида маълумот берилди. Бугунги кунга қадар ушбу дастур доирасида 12 та мамлакатга молиявий ёрдам кўрсатиш учун 6 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилди.

Мазкур дастур билан соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларига қарийб 300 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиши режалаштирилган. 10 та мамлакатни, жумладан, Ўзбекистонни ҳам қамраб оладиган ушбу лойиҳалар ҳозирги вақтда ишлаб чиқиш ва маъқуллаш босқичида турибди.

2019 йилда ОИИБ томонидан эришилган асосий ютуқлар ҳақида гапирган банк раҳбарияти тўққизта янги акциядор-мамлакатлар аъзоликка қабул қилинганини, маҳаллий валютада молиялаштириш, кредитни қисман кафолатлаш, ўзгарувчан спрэдли кредитлар ва мустаҳкам валютада кредитлар ажратилишини қамраб оладиган молиявий маҳсулотлар турларининг кенгайганини айтиб ўтди. Шунингдек, ўтган йилга нисбатан инвестициялар ҳажмида 12 фоиз ўсишга эришилгани, қиймати 2,5 миллиард АҚШ долларга тенг беш йиллик облигациялар чиқарилгани таъкидланди. Облигациялар чиқарилиши 27 мамлакатдан 90 тадан кўпроқ инвесторнинг 4,4 миллиард АҚШ доллари миқдордаги маблағларини жалб этишга имкон берди.

Ўзбекистон Республикасидан ОИИБ бошқарувчиси, Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ўз нутқида жаҳон иқтисодиётида юзага келган вазият ҳукуматлар ва тараққиёт ҳамкорларидан миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда қатъий ҳамда самарали чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилаётганини таъкидлади.

Шу муносабат билан, ҳозирги вақтда ОИИБга аъзо мамлакатлар ва банк томонидан қуйидаги устувор соҳалар, йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш кераклиги қайд этилди. ОИИБга аъзо мамлакатларда касалликни юқтирган одамлар учун ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича аҳоли эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, инфекция тарқалишини камайтириш учун етарли даражада захираларни яратиш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, солиқ тўловларининг муддатини узайтириш, айланма маблағларини молиялаштириш ва транзакция харажатларини камайтириш орқали тадбиркорлик субъектлари ва инфратузилманинг барқарор ишлашини қўллаб-қувватлаш, ташқи савдо ва инвестиция оқимларида пайдо бўлаётган янги тўсиқларнинг салбий таъсирини камайтиришга эътибор қаратилди. Шунингдек, ижобий иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун узилган таъминот занжирларини тиклаш орқали ривожланаётган мамлакатларнинг инқироздан кейинги даврда эҳтимолий муаммо ва имкониятларини ҳар томонлама баҳолаш зарурлиги айтилди.

Йиғилиш давомида, шунингдек, бошқарув кенгаши Либерия Республикасининг ОИИБ акциядорлари сафига қўшилиши тўғрисидаги аризасини маъқуллади. 2021 йилнинг 27-28 октябрь кунларига режалаштирилган ОИИБ бошқарув кенгашининг навбатдаги йиллик йиғилиши  Дубай (БАА) шаҳрида ўтказилиши белгиланди.

Маълумот учун, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Осиё-Тинч океани минтақасида инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2014 йилнинг 24 октябрида ташкил этилган. Ўзбекистон 2016 йил 29 ноябрда ОИИБ аъзо сифатида кирган. Айни пайтда банк билан биргаликда сув таъминоти, сув оқова тизими, автомобиль йўлларини қуриш ва қайта таъмирлаш, темир йўлларни электрлаштириш, ҳудудларда базавий инфратузилмани ҳар томонлама ривожлантириш бўйича қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд қатор инфратузилма лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Жанубий Уралга мева ва сабзав...

Челябинск вилояти губернатори ўринбосари Сергей Сушков Ўзбекистондан импорт қилинаётган қи...

Ўзбекистон ва Япония ўртасида икки ёқлам...

2020 йил 17 октябрь куни Ўзбекистон ва Япония ўртасида икки ёқлама солиққа тортишни барта...

Ўзбекистонда айрим транспорт воситаларин...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ташқи иқтисодий фаолиятни янада тартибга солиш ва ...

Сўнгги янгиликлар