28/Март/2023 Таълим
БОКУ, 28 март. /«Дунё» АА/. Озарбайжон Фан ва таълим вазирлиги ҳузуридаги 53-мактаб делегацияси 20-26 март кунлари Ўзбекистонда бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Таълим соҳасида тажриба алмашиш мақсадидаги ушбу сафар мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Озарбайжон Фан ва таълим вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Боку шаҳридаги 53-мактаб вакиллари Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ва Ал-Беруний халқаро мактабида бўлиб, ушбу таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Тошкент шаҳридаги Ал-Беруний халқаро мактаби ва Боку шаҳридаги 53-мактаб ўртасида «OCEP» лойиҳаси доирасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Озарбайжон вакиллари, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий мероси ва туризм салоҳияти билан танитиш мақсадида Самарқанд ва Бухоро шаҳарларда ҳам бўлдилар.