Uz / Ўз Ru En

Toshkent

28/Ноябрь/2019   Иқтисодиёт

Ўзбек асали Хитой халқаро кўргазмасида алоҳида эътибор қозонди


НАНКИН, 28 ноябр. /“Дунё” АА/. Нанкин шаҳрида жойлашган Халқаро кўргазмалар марказида Хитой халқаро озиқ-овқат ингредиентлари кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Унда Хитойнинг 400 дан зиёд корхонаси билан бирга дунёнинг 22 мамлакати компаниялари қатнашди.

ХХР қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазирлигининг Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосига кўмаклашиш маркази томонидан ташкил этилган ушбу ихтисослашган халқаро кўргазма бутун дунёдан келган 2 мингдан зиёд харидорни ўз атрофига жамлади. Дарҳақиқат, анжуман тижоратчилар ҳамда тармоқ ишлаб чиқарувчилари учун озиқ-овқат қўшимчалари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш нуқтаи назаридан жуда қулай имконият майдончасига айланиб қолган.

Кўргазма доирасида “мамлакатларнинг тансиқ неъматларини татиб кўриш” тадбири ташкил этилгани барчанинг эътиборини ўзига тортди.

Унда серқуёш Ўзбекистон маҳсулотлари, хусусан, юртимизда етиштирилган асалнинг таъмини тотиб кўрганлар бу неъматга алоҳида қизиқиш билдиришгани оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳам бефарқ қолдирмади.

“Нанкин жибао” газетаси ушбу кўргазма тафсилотлари ҳақида чоп этган мақолада Ўзбекистон асалининг харидоргирлиги ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳақидаги муҳим маълумотлар ўз ифодасини топган.

Муаллиф Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган мамлакатлар кўргазмада ўз маҳсулотларини муваффақият билан намойиш этаётгани алоҳида қайд этган. У Ўзбекистонда етиштирилган “шакардан холи табиий асалнинг инсон саломатлиги учун жуда фойдали” экани, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар тобора равнақ топаётганига монанд равишда тўғридан-тўғри ҳаво қатновларининг сони ҳам ортиб бораётгани ҳақиза ёзган.

Мақолада жорий йилдан бошлаб Хитой бозорига Ўзбекистондан асал етказиб берилиши тегишли идоралар томонидан маъқуллангани, айни пайтда икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро алоқалар “қизғин паллага” кираётгани маълум қилинган.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг ХХРдаги элчихонаси қуёшли ўлкамиз заминида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Хитой бозорига экспорт қилиш қамровларини янада кенгайтириш юзасидан фаол иш олиб бормоқда. Жорий йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва ХХР Бош божхона бошқармаси ўртасида "Ўзбекистондан Хитойга асал экспорт қилишда озиқ-овқат хавфсизлиги ва ветеренария талаблари тўғрисидаги баённома" имзоланган эди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон делегацияси Янлин 27-қишлоқ х...

Мамлакатимизнинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидов жорий йил 22-23 октябрь кунлари Хитойнинг...

Ўзбекистон-Венгрия саммити: Саноат коопе...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан музо...

Япониялик шериклар иштирокида инвестиция...

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Ғайрат Фозилов «Mitsubishi Heavy Industries Engineering,...

Сўнгги янгиликлар