01/Декабрь/2022 Долзарб
ТОШКЕНТ, 1 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев «Канада-Ўзбекистон» дўстлик гуруҳи раиси Зиад Абултаиф билан видеоконференция форматида учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, учрашув давомида томонлар сиёсат, иқтисодиёт ва парламентлараро ҳамкорлик соҳаларида Ўзбекистон-Канада ҳамкорлигининг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар
Бундан ташқари, учрашувда таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш, хусусан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Альберта университети ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Парламент аъзоси бу соҳадаги ҳамкорлик истиқболларини қайд этар экан, Канаданинг тегишли муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ахборот алмашиш, илмий-услубий ресурсларни жалб қилиш, қўшма илмий-тадқиқот дастурлари ва стажировкаларни ташкил этишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Канада парламенти вакиллари билан учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон-Канада парламентлараро муносабатларида доимий алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.