Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

14/Август/2022   Саналар

Ўзбекистон-Покистон: Кўҳна тарихга эга халқлар дўстлиги

ТОШКЕНТ, 14 август. /«Дунё» АА/. “Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги анъанавий дўстлик ва кўп қиррали амалий ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда, ҳар иккала мамлакатнинг тараққиётга эришиш йўлидаги ислоҳотлари ҳам бир-бирига ҳамоҳангдир”, дейди Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази Маданий-гуманитар алоқалар бўлими бошлиғи Фахриддин Отбосаров “Дунё” ААга тақдим этган мақоласида.


“Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бу ришталар бугунги кунда тарихий илдизлардан куч олиб, янада равнақ топмоқда. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Бобурийлар, Муҳаммад Иқбол, Мирзо Ғолиб сингари улуғ мутафаккир ва шоирларнинг ўлмас мероси, маърифий қарашлари халқларимизни боғлаб турадиган мустаҳкам маънавий кўприкдир.

Шу сабабли Ўзбекистонда Покистон тарихи, маданияти ва санъатига, хусусан, урду тилини ўрганишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Ўз навбатида, Покистонда ҳам ўзбек тили ва адабиёти, мамлакатимиз тарихини ўрганиш ва тадқиқ этишга қаратилган лойиҳаларга катта эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Панжоб университети қошида “Бобур мероси маркази”,  Пешовар университетида ўзбек тили ва маданиятини ўрганиш бўйича “Алишер Навоий маркази” очилган.

Сўнгги йилларда маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга, муштарак маънавий меросимизни биргаликда ўрганиш, илм-фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга эришилди.

Ўзбекистонда ҳам Покистоннинг бой тарихи ва маданиятига қизиқиш тобора ўсиб бормоқда. Жумладан, Шарқнинг буюк шоири, урду адабий тилига асос солган улуғ мутафаккир Мирзо Ғолибнинг ҳаёти ва ижоди чуқур ўрганилмоқда.

Юртимизда Лаҳордаги бетакрор Шоҳ қалъа меъморий мажмуасини, гўзал Шалимар боғларини зиёрат қилишни истайдиган одамлар кўплаб топилади.

Ўз навбатида, бугунги кунда Покистонда 10 миллионга яқин Нақшбандия тариқати вакиллари, шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг кўплаб мухлислари бор. Уларнинг Бухорои шариф, Самарқанд ва Андижондаги табаррук қадамжоларга зиёрат сафарини амалга оширишлари учун барча шароитлар яратиб берилган.

Икки мамлакат киноижодкорлари ҳамкорлигида Бобур бобомиз ҳақида фильм суратга олиш ишлари бошлаб юборилган.

Инсон саломатлигини асраш йўлида тиббий таълим соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳар икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қилиши табиийдир. Сўнгги уч йилда покистонлик ёшларнинг Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртларида таҳсил олишга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани қувонарли ҳол. Айни пайтда мамлакатимизда 750 нафардан ортиқ покистонлик ёшлар мазкур йўналишда таълим олишмоқда.

Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги анъанавий дўстлик ва кўп қиррали амалий ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда, ҳар иккала мамлакатнинг тараққиётга эришиш йўлидаги ислоҳотлари ҳам бир-бирига ҳамоҳангдир.

2021-2026 йилларга мўлжалланган Маданий алмашув дастури ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан Покистон дипломатик хизмат академияси ўртасидаги Англашув меморандуми мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги, янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик анъаналарини давоми сифатида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2021 йил 9 июнь куни Марказ томонидан Ўзбекистон ва Покистон ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 29 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон ва Покистон – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида экспертларнинг онлайн учрашуви ўтказилди.

2021 йил 12 июль куни Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи арафасида Тошкент Давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорликда “Ўзбекистон-Покистон: минтақавий ўзаро боғлиқликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари” мавзусидаги халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

2021 йилнинг 5 февралида Покистон Тинчлик ва дипломатия институти президенти Фархат Асиф билан видеомулоқот ўтказилди. Суҳбат сўнгида Марказ ва Покистон тинчлик ва дипломатия институти ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу ҳужжат доирасида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги, шунингдек, Покистон Республикасининг Мустақиллиги куни арафасида халқларимизнинг кўп асрлик маданий, савдо-иқтисодий алоқалари,  самимий дўстона муносабатлари билан боғлиқ қатор тадбирларни ўтказишга қарор қилинди.

2021 йил 2 март куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 22 февральдаги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқи бўйича ШҲТ Халқ дипломатияси марказининг Покистондаги хамкори - Тинчлик ва дипломатия институти директори Муҳаммад Асиф Нурнинг “Daily Times Pakistan” газетасида “Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси” номли мақоласи чоп этилди.

Ўз навбатида, 2021 йил 8 ноябрь куни Марказнинг маданий-гуманитар алоқалар бўлими бошлиғи Фахриддин Отбосаровнинг “Мухаммад Иқбол-Шарқ ва Ислом олами маърифат аҳлининг муаллими” номли мақоласи Покистоннинг энг йирик газеталаридан бири - “GLOBAL NEWS PAKISTAN” саҳифасида босилиб чиқди.

Ўзбекистон ва Покистоннинг бой тарихи ва маданий меросини, шунингдек, кўҳна фалсафасини тарғиб этиш, халқлар ўртасида бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш Марказнинг мақсад ва вазифалари сирасига киради.

ШҲТ мамлакатлари, жумладан, Покистон, унинг мусиқий маданияти ва меъморий мероси билан танишиш, шунингдек, таълим, фан, спорт ва бошқа соҳалардаги қизиқарли лойиҳаларни ҳамкорлар билан амалга оширишга бағишланган катта тадбирларни ўтказиш Марказнинг келгусидаги иш режасидан жой олган.

Фурсатдан фойдаланиб, Марказ қардош Покистон халқини давлат Мустақиллигининг 75 йиллиги билан қутлайди”.

Мавзуга оид

Бельгиядан муносабат: Гербимизда халқим...

Ўзбекистон Давлат герби қабул қилинганининг 30 йиллик байрами муносабати билан мамлакатими...

Амир Темур қурдирган иншоотлар жаҳон меъ...

9 апрель – Амир Темур тавалуд топган кун. Буюк бобокалонимиз бунёдкорлик соҳасида ҳам катт...

Америка Қўшма Штатларидаги ўзбек мактаби...

Нью-Йорк шаҳрида фаолият олиб бораётган «Ziyo Art» ўзбек мактабида ўзбек мумтоз адабиётини...

Сўнгги янгиликлар