Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


22/Апрель/2021   Тадбирлар

Ўзбекистон ҳарбийлари АҚШда ўтказилаётган «Илғор жангчи» мусобақасининг иккита шарти бўйича рекордни янгилади


ТОШКЕНТ, 22 апрель. /«Дунё» АА/. АҚШнинг Миссисипи штатидаги «Camp Shelby» ҳарбий ўқув базасида бўлиб ўтаётган «Илғор жангчи» мусобақасининг яна 4 та йўналишдаги баҳслари якунланди. Унда Ўзбекистон ҳарбийлари мусобақанинг иккита шарти бўйича рекорд натижаларини янгилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълумотига кўра, ушбу босқичда мураккаб сунъий тўсиқлар йўлагидан ўтиш, узоқ масофага маршни амалга ошириш, жанг шароитида ярадорга тез тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда иштирокчиларнинг тунги шароитда ҳарбий топография бўйича билим ва маҳоратлари синовдан ўтказилди.

10 га яқин тўсиқни ўзида жамлаган, узунлиги 900 метр бўлган йўлакдан ўтиш баҳсларида Ўзбекистон вакиллари мувафаққиятли иштирок этиб, ушбу шартда тенгсиз эканини намоён этди.

Баландлиги 8 метр бўлган мураккаб шаклдаги ёғоч тўсиққа чиқиш ва тўрли арқондан фойдаланиб ундан тушиш, кенглиги 20 метр бўлган сув ҳавзасидан арқон ёрдамида ўтиш, нотекис ва ностандарт мувозанатга эга бўлган турли сунъий тўсиқлардан ўтиш каби кишидан катта жисмоний куч талаб этадиган мажмуавий машқларда кичик сержант Хайрулло Олимов 9 дақиқаю 20 сония вақт сарфлаб, мусобақа рекордини янгилади.

Мусобақанинг кейинги шартида иштирокчилардан 18 кг юк билан белгиланган вақт оралиғида 20 километрлик масофани босиб ўтиш талаб этилди.  Мазкур шартда икки нафар ҳарбий хизматчимиз рақибларидан илдам ҳаракатланиб, марра чизиғини 2 соату 2 дақиқада босиб ўтиб, мусобақа натижаларини янгилашга эришди. 

Жанг майдонида тиббий ёрдам кўрсатиш машқида иштирокчилар 4 та ўқув саволи бўйича синовдан ўтди. Унга кўра 4 нафар турли кўринишдаги яраланган жангчиларни жанг майдонидан олиб чиқиш, улардаги шикастланиш даражасини аниқлаш, ташқи ҳаёт белгиларига қараб биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, жароҳат олганларга тезкор муолажа қилиш ҳамда уларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш вазифаларини бажарилди. 

Шу куни тунги шароитда ҳарбий топография бўйича иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари ҳам текширилди. Ушбу шартда ҳам ҳарбий хизматчиларимиз яхши натижаларни кўрсатиб, зарур балларни қўлга киритди. Дастлаб улар мусобақа ташкилотчилари томонидан берилган 5 та нуқта координаталарини хариталарда тўғри белгилаб, сўнгра ажратилган 4 соат вақт ичида 20 км радиусдаги ушбу нуқталарни топди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ҳарбийларимиз замонавий навигация воситаларисиз, ёввойи ҳайвонот оламига эга бўлган номаълум ҳудудда, хусусан, ботқоқлик ва қалин ўрмонзорда ҳаракатланишига тўғри келди. Мардлиги ва шижоати баланд йигитларимиз бу шартни ҳам мезбон иштирокчилар билан тенгма-тенг бажарди.

Мусобақанинг сўнгги босқичида иштирокчилар турли русумдаги қуроллардан ўт очиш, артиллерия оловини йўналтириш ҳамда тест синовларида беллашади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 18 апрель куни старт олган ушбу мусобақаларда иштирок этиб, юртимиз шаънини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари III даражали сержант Дилмурод Сулаймонов ҳамда кичик сержант Хайрулло Олимов эстафета ҳамда узоқ масофага югуриш шартларида ҳам шу кунгача қайд этилган мусобақа рекордини янгилади. Ўзбекистонлик ҳарбийлар 2019 йилда ҳам ушбу мусобақада I ўринни қўлга киритган эди.

Мавзуга оид

Буюк Британия қироличасининг турмуш ўрто...

Букингем саройи веб-саҳифаси маълумотига кўра, Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг ...

Исроилнинг Петах Тиква шаҳридаги кўчалар...

Исроилнинг Петах Тиква шаҳридаги кўчалардан бирига ватандошимиз, шашмақом ривожига муноси...

Хивада халқаро маданий форум ўз ишини бо...

Бугун Хивада «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданий форуми ўз ...

Сўнгги янгиликлар