10/Май/2023 Саналар
ТОШКЕНТ, 10 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Озарбайжон умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Бугун Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тадбирида қатнашдик, - деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг телеграм каналида. - 2022 йилда Тошкентда Озарбайжон умуммиллий етакчиси шарафига номланган кўча ва ёдгорлик очилган. Биз Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолатидан мамнунмиз ва уни барча йўналишларда янада бойитиш учун бор имкониятимизни сафарбар қиламиз».
Эслатиб ўтамиз, бугун озарбайжон халқи ва унинг хориждаги дўстлари муҳим сана – буюк давлат арбоби, доно сиёсатчи ва атоқли шахс, Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган Озарбайжон Республикаси Президенти Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигини нишонламоқда.