Uz / Ўз Ru En

Toshkent

07/Май/2021   Сиёсат

Ўзбекистон Америка давлатлари ташкилоти билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда


ВАШИНГТОН, 7 май /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Америка давлатлари ташкилоти (АДТ) маъмурияти раҳбари Гонзало Конкэ билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Элчихона маълумотига кўра, учрашувда Ғарбий ярим шардаги энг қадимий ташкилот билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.

Г.Конкэ республикамизда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар жараёни ва кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо берди. АДТ маъмурияти раҳбари Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилиш ва ташкилотнинг минтақавий жараёнларни қўллаб-қувватлаш бўйича тўпланган муваффақиятли тажриба билан ўртоқлашишга тайёр эканини билдирди.

Гонзало Конкэ республикамизнинг Марказий Осиёда дўстлик муносабатлари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва минтақа халқлари ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини мамнуният билан олқишлади. У Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатларига янги жаҳон бозорларига чиқишга кўмаклашувчи инфратузилма ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ташаббуслари долзарб эканини алоҳида таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, Г.Конкэ жорий йил июль ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференциясининг аҳамиятини қайд этар экан, ушбу форумда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Тадбир чоғида Ўзбекистон учун АДТда доимий кузатувчи мақомини олиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. 1971 йилда таъсис этилган ушбу мақом ҳозирги пайтда дунёнинг 70 мамлакатига тақдим этилган. Ўзбекистоннинг бу мақомга эга бўлиши нафақат АДТ  доирасида минтақавий ҳамкорлик тажрибасини ўрганиш, балки Лотин Америкаси мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга ҳам хизмат қилади.

Яқин келажакда Ўзбекистон делегацияларининг мазкур ташкилот раҳбарияти билан учрашувлари ҳам режалаштирилган.

АДТ халқаро ташкилоти 1948 йилда Пан-Америка иттифоқи негизида (1889 йилда тузилган) ташкил этилган Унинг фаолияти ташкилотга аъзо мамлакатлар  ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга йўналтирилган. Шимолий ва Жанубий Американинг 34 давлати ташкилотга  аъзо бўлган. АДТ қатор халқаро битимлар, жумладан, коррупцияга қарши биргаликда курашиш бўйича ҳужжатни қабул қилиш ташаббуси билан чиққан. Ташкилот минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш (жумладан, терроризмга қарши кураш воситасида), инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иқтисодий ривожланишни рағбатлантиришни ўзининг асосий вазифалари, деб билади. АДТни Умумий йиғилишда сайланадиган бош котиб бошқаради. Айни пайтда ташкилотга Луис Альмагро (Уругвай) раҳбарлик қилмоқда. Ташкилот бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида дип...

18 февраль - Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган кун....

Ариэль Коэн: Ўзбекистонда билимга чанқо...

АҚШ Халқаро алоқалар кенгаши аъзоси, Солиқлар ва инвестициялар халқаро маркази катта тадқ...

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Ита...

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Италия элчиси Агостино ...

Сўнгги янгиликлар