Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

10/Ноябрь/2021   Экология

Ўзбекистон БМТнинг Глазгодаги иқлим саммитида миллий баёнот берди

ГЛАЗГО (БУЮК БРИТАНИЯ), 10 ноябрь. /«Дунё» АА/. Кеча БМТнинг иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенциясига аъзо давлатларнинг Глазго шаҳрида бўлиб ўтаётган конференциясининг 26-сессиясидаги иштирок доирасида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов мамлакатимиз номидан миллий баёнот тақдим қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси маълумотига кўра, Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида иқлим ўзгариши замонамизнинг асосий муаммоларидан бири бўлиб, ҳаётимиз сифатига бевосита таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Бугунги кунда иқлим ўзгаришининг оқибатлари глобал мазмун касб этиб, мисли кўрилмаган кўламни қамраб олди. Бу салбий ўзгаришлар Марказий Осиё минтақасида ҳам тўла намоён бўлмоқда.

Масалан, Орол денгизи фалокати оқибатида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши дунё миқёсидаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар тез кечмоқда.

Салбий кўринишлар мисолида чанг бўронларининг кўпайгани ва улар қамраб олаётган ҳудудларнинг кенгайгани, тупроқ деградацияси ва сув ресурсларининг камайиши билан боғлиқ муаммоларнинг авж олаётганини келтириш мумкин.

Бу жараёнларни чуқур англаган Ўзбекистон “яшил” кун тартиби масалаларини илгари суриш, экология ва биохилма-хилликни асраш, табиий ресурслардан эҳтиёткорона фойдаланишга жиддий эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида таъкидлаганидек, «бу нафақат бугунги, балки келажак авлодлар олдидаги эзгу инсоний бурчимиздир».

Бугунги кунда Ўзбекистон миллий миқёсда “яшил” иқтисодиётга ўтишнинг кенг қамровли стратегиясини, қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш дастурини фаол амалга оширмоқда. Ҳар йил, жумладан, 2021 йилда мамлакатда 200 миллион туп кўчат ўтқазилади. 2030 йилга бориб, иқтисодиётнинг энергия самарадорлиги икки баробарга ортади, қайта тикланадиган энергия улуши камида 25 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигида иссиқхона газлари эмиссиясини 2010 йилги кўрсаткичларга нисбатан 35 фоизга камайтириш бўйича қўшимча мажбуриятни ўз зиммасига олиши ҳақида муҳим баёнот берилди. Ушбу мақсадга эришиш учун кам углеродли ривожланиш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқиш режалаштирилган. 

Ўзбекистон минтақавий миқёсда Марказий Осиё мамлакатларидаги ҳамкорлар билан биргаликда қурғоқчилик ва сув танқислигига қарши курашиш, Орол денгизи фожиаси оқибатларини юмшатиш ва унга туташ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида қатъий чоралар кўрмоқда.

Ушбу таҳдидларга қарши саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида келаси йил Оролбўйи ҳудудида, яъни Нукус шаҳрида БМТ билан ҳамкорликда “яшил” энергетика бўйича юқори даражадаги халқаро форум ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур тадбир БМТ Бош Ассамблеясининг жорий йил май ойида тасдиқланган “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга оширишда муҳим қадам бўлади. Ўзбекистон конференция иштирокчиларини БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди фаолияти доирасидаги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда фаол қатнашишга чақирди.

Ўзбекистон яқинда бўлиб ўтган “Катта йигирмалик” йиғилишида биохилма-хиллик бўйича мувозанатли ва самарали Глобал дастурни қабул қилиш бўйича эришилган келишувларни олқишлайди.

Халқаро экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонда 2023 йили Атроф-муҳит бўйича БМТнинг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклиф этилмоқда. 

Шунингдек, Ўзбекистон Глазго саммитида қабул қилинган ўрмонлар ва ердан фойдаланиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Баёнот сўнгида Ўзбекистоннинг “яшил” кун тартибининг долзарб масалаларини илгари суриш ва иқлим ўзгариши жараёнларини тўхтатиш, халқаро ҳамжамият билан биргаликда сайёрамиз келажаги учун барча зарур чораларни амалга ошириш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этишга тайёрлиги таъкидланди.

Мавзуга оид

Ўзбекистоннинг яна бир қўриқхонаси ЮНЕС...

13-17 сентябрь кунлари Абужа шаҳрида (Нигерия) бўлиб ўтган ЮНЕСКОнинг «Инсон ва биосфера» ...

Кейинги йил Нукусда «яшил» энергетика бў...

Глазго шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгаришлари тўғрисидаги ҳадли конвенцияси иштирокчиларининг 2...

Ўмонда Оролбўйи минтақасига хорижий гра...

Мамлакатимиз элчихонаси ходимлари Ўмон Атроф-муҳит жамияти (Environment Society of Oman - ...

Сўнгги янгиликлар