Uz / Ўз Ru En

Toshkent

10/Декабрь/2020   Иқтисодий дипломатия

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва ЕТТБ делегацияси ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий йўналишларини муҳокама қилди


ТОШКЕНТ, 10 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) бошқарувчи директори Франсис Малиж бошчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълум қилишича, делегация таркибида, шунингдек, ЕТТБнинг Россия, Марказий Осиё ва Туркия бўйича молия институтлари гуруҳи директори Георгий Орлов ва ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос қатнашди.

Учрашув давомида жорий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, ўзаро алоқаларни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, кун тартиби доирасида томонлар Ўзбекистонда хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ролини қўллаб-қувватлаш ва кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва ислоҳотларни муҳокама қилиб, ЕТТБнинг ушбу йўналишдаги улкан ҳиссасини қайд этди.

Шу билан бирга, барқарор ва самарали банк тизимисиз хусусий секторни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг имкони  йўқлиги тўғрисида фикрлар билдирилди.

Ушбу йўналишда ЕТТБнинг пандемия шароитида савдо ва лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшимча кредит линияларини ажратиш орқали Ўзбекистондаги тижорат банкларини қўллаб-қувватлашдаги муҳим роли таъкидланди.

Шу вақтнинг ўзида, давлатнинг банк тизимидаги иштирокини босқичма-босқич қисқартириш мақсадида Ўзбекистон банк секторида ислоҳотларни изчил амалга оширилишини таъминлаш ва замонавий молиявий технологиялар, операциялар ва хизматларни жорий этиш мақсадида ЕТТБ билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари қайд этилди. Бу билан банк тизимининг самарадорлигини ошириш ва ушбу соҳага хусусий инвесторларни жалб қилиш имкони яратилади. Шунингдек, мамлакатдаги бир қатор тижорат банкларида давлат улушини хусусийлаштиришда ЕТТБнинг иштироки билан боғлиқ аниқ масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув давомида, шунингдек, ҳамкорликни кенгайтиришнинг бир қатор истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди. Хусусан, суғурта соҳасида янги суғурта воситаларини жорий этиш ва рақобатбардош экотизимни яратиш мақсадида суғурта компанияларини хусусийлаштириш бўйича биргаликдаги ишларни олиб бориш имкониятлари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида камбағалликни қисқартириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг чора-тадбирларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кичик ва ўрта бизнесга кўрсатилаётган молиявий ва техник ёрдамнинг ҳажмини ошириш шарт-шароитлари бўйича фирк алмашилди.

Музокараларда ЕТТБнинг махсус дастурларини амалга ошириш орқали қишлоқ хўжалиги сектори ва аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш дастурларини молиялаштиришни ошириш истиқболлари қайд этилди.

Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ўзбек тижорат банкларига қўшимча кредит ва ЕТТБ савдо линияларини тақдим этиш орқали ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари устида биргаликда ишлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар белгиланган йўналишлар доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий қадамларни белгилаб олди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари бошчили...

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов бошчилигидаги вазирлик ва и...

Ўзбекистон элчиси ва ЕОИК вазири ЕОИИ до...

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов 3 февраль куни Евросиё иқтисодий комисси...

Саудиялик тадбиркор тарихий ватани Ўзбек...

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов саудиялик тадбиркор, келиб чи...

Сўнгги янгиликлар