Uz / Ўз Ru En

Toshkent

11/Май/2021   Иқтисодий дипломатия

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва Франция ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик масалалари бўйича вазири кўп қиррали алоқаларни ривожлантириш йўлларини белгилаб олди


ТОШКЕНТ, 11 май. /«Дунё» АА/. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов кеча Франция ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик масалалари бўйича вазири Франк Риестер билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълум қилишича, учрашув давомида сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий, молиявий-техник ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил октябрь ойидаги Францияга ташрифи Ўзбекистон – Франция ҳамкорлигининг тубдан янги босқичга кўтарилиши учун асос бўлиб хизмат қилгани, ташриф давомида эришилган келишувларнинг ўз вақтида амалга оширилиши икки давлат раҳбарларининг шахсий назоратида экани таъкидланди.

Франция делегацияси раҳбари унинг Ўзбекистонга ташрифи пандемия бошланганидан буён илк хорижий сафари эканлигини таъкидлаб, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга содиқлигини билдирди ва Франция компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтириш борасидаги қизиқишини таъкидлади.

Инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама этилди. Геология, энергетика, қишлоқ хўжалиги, чиқиндиларни қайта ишлаш ва туризм соҳасида йирик лойиҳаларни амалга оширишда ижобий динамика кузатилганлиги таъкидланди. Тегишли вазирлик, идора ва хусусий компаниялар раҳбарлари ўртасида янги лойиҳавий таклифларни ўрганиш ва янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан шартномалар тузишга қаратилган “G2B” и “B2B” шаклида музокаралар ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзаро савдо соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг салмоқли салоҳияти қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистон Европа Иттифоқининг “GSP+” преференциялар бош тизими бенефициари мақомини олиши ўзбек тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларининг Франция бозорига чиқиши учун янги имкониятларни очди. Шу нуқтаи назардан, Франция томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам юқори баҳо берди. ЖСТга аъзолик Ўзбекистон – Франция савдо айланмасини кўпайтириш ва диверсификация қилиш учун шароит яратади.

Молиявий - техник ҳамкорлик соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) билан муваффақиятли ҳамкорликни қайд этиб, 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги Ҳамкорлик дастури имзоланишини маъқулланди. Сув ресурсларини бошқариш, санитария ва чорвачилик соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ФТА билан музокараларни фаоллаштиришга оид келишувга эришилди.

Шунингдек, томонлар ўзбек тижорат банкларининг «Bpifrance», «Credit Agricole» и «Société Générale» каби Франциянинг банк-молия институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини таъкидлаб, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун молиялаштиришни ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашув якунида барча даражадаги икки томонлама алоқаларни жадаллаштириш орқали ҳамкорликнинг белгиланган йўналишлари бўйича муносабатларни фаоллаштиришга келишилди.

Мавзуга оид

Корея-Ўзбекистон ишбилармонлари ассоциац...

Бугун Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчиси Виталий Фен Корея Республикаси Савдо, саноат ва энерг...

«Фарғона водийсида жиноят ва хавфсизлик ...

Онлайн конференцияда ҳудудий прокуратура вакиллари, Бош прокуратура Академияси профессор-ў...

Ўзбекистон раислигида МДҲ Иқтисодий кенг...

МДҲ Иқтисодий кенгашининг 88-мажлиси видеоконференция шаклида бўлиб ўтди. Мажлисни МДҲ Иқт...

Сўнгги янгиликлар