Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

18/Январь/2022   Иқтисодий дипломатия

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари икки томонлама муносабатлар ҳолати ва илгари эришилган келишувларнинг амалий ижросини муҳокама қилдилар

ТОШКЕНТ, 18  январь. /«Дунё» АА/. Кеча Тошкент шаҳрида Туркманистон ҳукумат делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, тадбирда икки мамлакатнинг асосий вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва савдо-саноат палаталари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Учрашувда инвестиция, саноат, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳаларида, шунингдек, сувдан фойдаланиш, ҳудудлараро ҳамкорлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишларида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Илгари эришилган келишувларнинг рўёбга чиқарилиши атрофлича кўриб чиқилиб, истиқболли соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имкониятлари ўрганилди.

Икки томонлама савдони ривожлантириш борасида сезиларли муваффақиятларга эришилгани қайд этилди. Жумладан, сўнгги 4 йил ичида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 баробар ошди, 2021 йилда эса 65 фоизга ўсиб, қарийб 880 миллион долларни ташкил қилди. Яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадида амалдаги савдо шартномалари ижросини илгари суришга ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари ва ишлаб чиқарувчилари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш юзасидан якдиллик билдирилди.

Мулоқот чоғида саноат кооперациясини янада ривожлантириш чора-тадбирларига алоҳида урғу берилди. Томонлар ушбу йўналишда айрим тармоқларда эришилган муваффақиятларни таъкидлаб, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳамда икки давлат ҳудудларида ўзаро боғлиқ қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича янги таклифларни ишлаб чиқишдан манфаатдорлик билдирдилар.

Ҳудудлараро ҳамкорлик салоҳиятини илгари суриш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти ҳам қайд этилди. Томонлар жорий йилда Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудий маъмуриятлари ҳамда ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш учун платформага айланиши мўлжалланган биринчи ҳудудлараро Форумига тайёгарлик кўриш ва уни ўтказиш чораларини муҳокама қилдилар.

Бундан ташқари, сув хўжалиги, транспорт соҳасида ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, умумий транспорт йўлаклари тармоғини ривожлантириш ҳамда икки мамлакатнинг транзит салоҳиятини юксалтириш, маданият ва туризм соҳасидаги қўшма дастурларни ҳаётга жорий этиш каби қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув давомида қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, халқаро озиқ-овқат сифат стандартларини жорий этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тажриба алмашиш бўйича келишувга эришилди.

Тадбир якунида томонлар кўриб чиқилган ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган муносабатларнинг барча соҳаларида фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Йиғилиш якунлари бўйича икки мамлакат ишбилармонлик субъектлари ўртасида қишлоқ хўжалиги, электротехника, кимё саноати ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида қатор инвестиция ва экспорт шартномалари имзоланди.

Мавзуга оид

Фармацевтика соҳасида Ўзбекистон-Ҳиндист...

Жорий йил 22 - 26 март кунлари Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлиги кўмагида Фармацевтика м...

Тошкентда Россия Федерацияси Ҳукумати Ра...

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С....

Ўзбекистон ва Япония амалдаги келишувлар...

Кумамото шаҳрида бўлиб ўтаётган 4-Осиё-Тинч океани сув саммити доирасида Ўзбекистон Бош ва...

Сўнгги янгиликлар