Uz / Ўз Ru En

Toshkent

30/Март/2021   Иқтисодий дипломатия

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири ўзаро савдони ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди


ТОШКЕНТ, 30 март. /«Дунё» АА/. Кеча Венгрия Бош вазири Виктори Орбаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Питер Сийярто билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълум қилишича,  учрашувда сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро муносабатлар ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни кенгайтиришга туртки беришга ва икки томонлама алоқаларнинг барқарор ривожланиши учун асос бўлишга қаратилган. Унинг якунлари бўйича қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, спорт ва таълим каби соҳаларда қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича шартномаларнинг йирик тўплами имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда инвестиция фаолиятини олиб бориш учун янги венгер компанияларини жалб этиш ҳамда бу соҳада қўшма илмий изланишлар олиб боришни назарда тутган ҳолда, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик доирасида эришилган ютуқлар ва уни кенгайтириш истиқболлари алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, саноат кооперацияси бўйича янги лойиҳа таклифларини биргаликда ишлаб чиқиш ва уларни амалда жорий этиш бўйича ҳамкорларни излаб топиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро савдони ривожлантиришни муҳокама қилиб, Будапешт шаҳрида Ўзбекистон – Венгрия савдо уйининг самарали фаолият юритишини таъминлаш бўйича биргаликда чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, саноат маҳсулотлари қўшма кўргазмаларини ва савдо миссияларини ташкил этиш бўйича келишувга эришдилар.

Мулоқотда жорий йилнинг февраль ойида Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилиши якунида эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди ҳамда уларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш юзасидан навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.

Учрашув якунида белгиланган вазифалар, режалаштирилган тадбирлар ва келишилган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишилди.

Мавзуга оид

Тошкентда Россия «Паспорт-виза хизмати» ...

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси М.Хайриддинов бошчилигидаги делегациян...

«Корея Республикаси — Марказий Осиё» Ишб...

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон Савдо...

Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Ве...

Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Венгрияга ташрифи доирасида 17 февраль куни Ўзбекистон ...

Сўнгги янгиликлар